Ўш мэрияси тадбиркор Атамбаевнинг қариндошларига ноқонуний берилган квартираларни қайтаради 

40
Июнь воқеасидан кейин берилган квартиралар. Сурат: Эрнист Нурматов / Azattyk

Тадбиркор Жалил Атамбаевнинг қариндошлари 2010 йили Қирғизистоннинг жанубидаги жанжалдан кейин компенсация қатори тўрт квартира олган. Ўш мэрияси кўчмас мулкни қайтариб олмоқчи, чунки улар ноқонуний берилган. 

Муниципал мулкни рўйхатга олиш бўлимининг раҳбари Канишай Имарова «Клооп»га мэрия бизнесмен Жалил Атамбаевнинг яқинларига 2010 йилдаги жанжалдан кейин берилган тўрт квартирани яшовчиларини уйдан чиқариш бўйича судга ариза тайёрланаётганини билдирди.

«Жалил Атамбаев ёниб кетган бир турар жойининг ўрнига тўрт квартира олган. Бу жамоатчиликка маълум бўлгандан кейин шаҳар прокуратураси жиноят ишини қўзғаган. Тўрт йиллик суд текширувларидан кейин Олий суд 2018 йилнинг 30-июлида мазкур квартиралар Ўш мэриясининг балансига қайтарилсин деган қарор чиқарган», — деди Имарова.

Имарованинг айтишича, Олий суднинг қарори 2018 йили июлдаёқ чиққанига қарамай, мэрия квартираларни эндигина қайтара бошлаган, чунки муниципалитетда йил ичида юристлар алмашган. 

«Бу орада икки юрист алмашган, квартираларга боғлиқ ишни тушуниб шундан кейин ишни давом этишга вақт сарфланди», — деб тушунтирди у. 

Атамбаевнинг уйи 2010 йили Қирғизистон жанубидаги этник қирғизлар ва ўзбекларнинг ўртасида бўлган жанжал вақтида ёниб кетган. 

«Азаттык» радиосининг маълумотига кўра, тадбиркор компенсацияни кўпроқ олиш учун уйининг ер участкасини эски сана билан тўрт нафар яқин қариндошининг номига расмийлаштирган. Ўз навбатида уларнинг ҳар бири квартиралар олишган. 

Жалил Атамбаев ишини асосан Қирғизистон жанубида юргизган тадбиркор қатори маълум. Финполиция 2019 йили июлда 40 млн сомлик солиқни яширган икки компаниясини топган. 

Мазкур факт «Азаттык»нинг суриштируви эълон қилингандан кейин аниқланган. Унда муаллиф Идирис Исаков бизнесмен тарафидан амалга оширилган солиқларни яшириш схемасини айтиб берган. 

Суриштирув эълон қилингандан кейин Атамбаев Исаковдан 50 млн сом талаб қилган, аммо фаоллар, айрим депутатлар ҳамда журналистлар суриштирувчини қўллаб чиқишган. Шундан кейин тадбиркор даъвосини қайтариб олган.

Муаллиф: Аймээрим Дарбанбек қизи