Суд Текебаевни уй қамоғига чиқарди

617

Бишкекнинг Биринчи май район суди «Ата Мекен» партиясининг лидери Омурбек Текебаевнинг эҳтиёт чорасини қамоқдан уй қамоғига ўзгартирди.

«Ўзингиз биласиз, иш қайта кўриб чиқишга юборилган. Биз бу сафар суд адолат билан кўриб чиқади деб ишонамиз. Судларда янги принциплар пайдо бўлиши керак, шунда суд реформаси юради», — деди Омурбек Текебаев.

Унинг айтишича, қамоқ муддатини ноқонуний ўтаётган барча «бошқа тутқинлар» ҳамда оддий одамларнинг ишлари қайта кўрилиши керак.

Бунга қадар Олий суд олдинги айблов ҳукмларини бекор қилиб, Текебаевнинг ишини қайта кўриб чиқишга жўнатган.

2017-йили судларнинг барча инстанциялари Текебаев россиялик ишбилармон Леонид Маевскийдан 1 млн доллар пора олган деб топган. Бунинг эвазига Текебаев Маевскийга «Мегаком» алоқа операторини бошқаришга шароит яратиб бермоқчи бўлган. Бу ишда сиёсатчи Дуйшонкул Чотонов воситачи бўлган эҳтимол деб айтилган.

Натижада сиёсатчилар мулкларини конфискация қилиш билан 8 йилга судланишган, аммо амнистия туфайли жазо муддати 4,5 йилгача қиқартирилган. Чотонов ҳам, Текебаев ҳам ўзларига қўйилган айбларни тан олмай, ишни «сиёсий важлар» деб аташган.

Текебаев 2017-йили февралда ўша вақтдаги президент Алмазбек Атамбаевни танқид қилиб юрган вақтида қамоққа олинган. Сиёсатчи Атамбаевнинг ташаббусларига қарши чиққан — у ва унинг «Ата Мекен» партияси 2016-йилнинг охирида қабул қилинган Конституциявий ўзгартиришларга қарши бўлган.

Текебаевнинг юристлари ва тарафдорлари бир неча марта  унинг ишини қайта кўриб чиқиш илтимоси билан Бош прокуратура ҳамда Олий судга мурожаат қилган. Аммо бу натижасиз қолган. 2019-йили майда Олий суд Текебаевнинг мулкини конфискация қилиш тўғрисида қарорни бекор қилган.