Олий суд Текебаевнинг ҳукмини бекор қилиб, қайта кўришга жўнатди

41

Олий суднинг суд коллегияси муҳолифатчи Омурбек Текебаевнинг ҳукмини бекор қилиб, унинг ишини янги очилган ҳолатлар бўйича Биринчи май туман судига қайта кўришга жўнатди. Аммо прокурорлар ишнинг қайта кўрилишига қарши чиқишди.

Олдинги инстанциялар уни россиялик тадбиркор Леонид Маевкскийдан 1 млн доллар пора олиш бўйича айбдор деб топган. Бунинг эвазига Текебаев тадбиркорга «Мегаком»  миллий операторини бошқариш имокниятини беришни ваъда қилгани айтилган.

«Иш судга қайтиб келганда Текебаев [колониядан] бўшатилсин деган илтимос йўллаймиз. Шундан кейин судни бошлаймиз», — деб билдирди сиёсатчининг адвокати Чинара Жакупбекова.

Текебаевнинг юристлари Маевский банк ҳисобидан миллион доллар чиқариб олмаганини айтишган. Аммо тадбиркор ўзи пулни Текебаевга ўтказиб бериш учун банкдан пулни 300 минг ва 700 минг доллар қилиб бўлиб чиқарганини билдирган.

Текебаевнинг иши

2017 йили судларнинг барча инстанциялари Текебаевни россиялик тадбиркор Леонид Маевскийдан 1 млн доллар миқдорида пора олиш бўйича айбдор деб топишган. Бу ишда сиёсатчи Дуйшонкул Чотонов эҳтимолий ўртамчи бўлган.

Натижада сиёсатчилар мулкларини конфискациялаш билан 8 йилга судланишган, аммо амнистия билан жазо муддати 4,5 йилгача қисқартирилган. Чотонов ҳам, Текебаев ҳам ўзларига қўйилган айбларни тан олмай, ишни «сиёсий» деб аташган.

Текебаев 2017 йили февралда ўша вақтдаги президент Алмазбек Атамбаевни танқид қилиб юриб қамоққа олинган. Сиёсатчи Атамбаевнинг ташаббусларига қаттиқ қарши чиқиб турган — у ва унинг «Ата Мекен» партияси 2016 йилнинг охиригача қабул қилинган Конституция тузатишларига қарши бўлишган.

Текебаевнинг юристлари ва тарафдорлари бир неча бор унинг ишини қайта кўриб чиқиш илтимоси билан Бош прокуратура ҳамда Олий судга мурожаат қилишган. Аммо бу натижа бермаган. 2019 йили майда Олий суд Текебаевнинг мулкини конфискациялаш бўйича қарорни бекор қилган.