Суд Жапаровнинг қамоқ муддатини қисқартиришдан бош тортди

489
Садир Жапаров

Kaktus Media нашри Чуй вилоят суди 19-августда судланган Садир Жапаровнинг адвокатларига собиқ депутатнинг қамоқ муддатини қисқартиришдан бош тортганини билдирди. Унинг муддати аввалгидек 10 йил бўйича қолди.

Жапаровнинг адвокати Шерабидин Токтосунов суднинг қарорини «бир томонлама ва ноқонуний» деб атади. Унинг айтишича, Жапаров айбдор деб топилган моддалар янги Жиноят ва Жазо кодекслари бўйича ўта оғир эмас жиноят бўлиб ҳисобланади.

«Ҳаммасини амнистия билан бўшатишяпти, Садир Жапаровга эса бош торишмоқда. Биз нима учун Садир Жапаровга амнистия қўлланиш мумкинлигини асословчи далилларнинг барини кўрсатдик. Бу ноқонуний қарор бўлди. Олий судга мурожаат қиламиз», — деб билдирди у «Азаттык»қа.

Бишкекнинг Биринчи май туман суди 2017 йили Садир Жапаровни Иссиқкўлнинг собиқ губернатори Эмилбек Каптагаевни гаровга олганликда айбдор деб топган. Ўшанда Каптагаев Жапаровга даъвосидан бош тортса ҳам 11,5 йилга ҳукм қилинган.

Олий суд 2019 йили апрелда Жапаровнинг қамоқ муддатини бир йилу олти ойгача қисқартириб, собиқ депутатга чиқарилган ҳукм муддати 10 йил бўлиб қолган.