Путин мени чақирган. У Қирғизистон учун қайғуряпти — Атамбаев Россиядан қайтиб келди

568
Сурат: «АКИпресс»

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев Қирғизистонга қайтиб келди. У учиб келган самолёт Қант авиабазасига 19:00лар атрофида қўнди.

Авиабазанинг олдида уни журналистлар ва тарафдорлари кутиб олди. Атамбаев йиғилганлар олдида сўзлар экан, Россияга боришни рад этиши имконсиз бўлганини, чунки бу ҳақда ундан «унинг дўсти Владимир Путин бир неча марта илтимос қилганини» айтиб ўтди.

«[...] У [Владимир Путин] президентгина эмас, у менинг дўстим, яқин инсоним. Атайлаб махсус самолёт жўнатиб турса, “келиб кет” деб икки-уч марта илтимос қилса, шунда ҳам бормай қўйсам уят бўлар эди. Шунинг учун бориб келдим. У киши қайғуряпти “Қирғизистон нима бўлади? Учинчи революция бўлиб кетмайдими?” деб. Унинг баёнотини эшитмадикми. Мен у кишига революцияни доимо ҳукумат тайёрлайди, ҳукумат амалга оширади деб айтдим. Халқ иложсиз қўзғалади», — деб айтди Атамбаев.

Шунингдек, собиқ президент ўз сафарини 2017 йили Омурбек Бабанов Қозоғистон президенти Нурсултан Назарбаевга бориб келиши билан солиштирилишга изоҳ бериб ўтди. Бабанов ўша вақтда Қирғизистон президентлигига талабгор ва  Сооронбай Жээнбековнинг асосий рақиби эди.

«Ўша вақтда президентлик сайлови эди, ҳозир ҳеч қандай сайлов йўқ. Дуони четдаги бировдан эмас, халқдан сўраш керак. Мен биламан, у [Бабанов] маънавий қўлловнигина кутмаган», — деб келтиради Атамбаевнинг сўзларинин Kaktus Media.

Аввалроқ унинг тарафдорлари Атамбаев ва Россия президентининг учрашуви натижаси бўйича билдирув тарқатган. Унда Атамбаев ва Путин Қирғизистон сиёсиё барқарорликка муҳтож бўлганини муҳокама қилишган деб айтилган.

Атамбаев билан учрашувдан кейин Владимир Путин қирғизистонликлар сиёсий барқарорлиу учун лидер Сооронбай Жээнбековнинг атрофида бирлашиши керак деб билдирган.

Атамбаев Москвага 24-июлда ИИВнинг сўроққа чақирувларига уч марта бормай қўйгандан кейин учиб кетган. Парламент уни собиқ президент мақомидан ва дахлсизликдан ажратгандан кейин унга сўроққа чақирув қоғозлари кела бошлаган.

Бунинг бари Атамбаев билан ҳозирги президент Сооронбай Жээнбековнинг ўртасидаги аразлашув ортидан бўлмоқда. Уларнинг жанжали 2018 йили баҳорда — Жээнбеков собиқ президентнинг коррупцияга қарши кампаниясининг натижаларидан шубҳаланганига Атамбаев норози бўлганидан бошланган.