Қирғизистон чегара хизматидан «Клооп»га билдирилишича, 24-июлнинг тонгига келиб қирғиз-тожик чегарасидаги вазият «нисбатан барқарор»лигича қолмоқда.
«Чегарачилар чегара ҳудудини кучайтирилган тартибда ҳимоя қилишмоқда. [Маҳаллий] турғунлар орасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда [...] Бу кечаси ҳеч қандай воқеа бўлгани йўқ», — деб билдиришди чегара хизматидан.
Низони хал қилиш йўлларини муҳокама қилиш учун 23-июлда Қирғизистон ва Тожикистоннинг чегара хизматларининг вакиллари ИИВ вазирлари билан биргаликда учрашишган.
«Қирғизистон ва Тожикистоннинг чегара бўлимлари биргаликда воқеа юз берган ҳудудда давлат чегарасининг шартли участкаси бўйлаб ҳимояни амалга оширишади», — деб маълум қилинди чегара хизматидан.
Қирғиз-тожик чегарасида чиққан низо
Қирғиз-тожик чегарасидаги вазият 22-июлнинг тунида кескинлашиб кетган. Бунга Қирғизистоннинг Оқ-Сой қишлоғининг турғунлари билан Тожикистоннинг Ворух анклави яшовчиларининг ўртасидаги тортишув сабаб бўлган.
Дастлабки фаразлар бўйича, маҳаллий турғунлар ўртасидаги низо баҳсли жойга ўрнатилган байроқ сабаб келиб чиққан. Одамлар ўртасида оғзаки тортишув бошланиб, бир-бирига тош ирғитишган.
Шундан кейин уришаётганлар икки тарафдан ҳам ўқ ота қурол қўллана бошлашган.
Қирғиз ҳукуматининг маълумоти бўйича, жанжал оқибатида 17 қирғизистонлик ярадор бўлиб, айримларига ўқ теккан. Тожик тараф бир киши ҳалок бўлганини ҳамда ўн киши жабрлангани ҳақида билдирган.
Низо сабаб чегарага яқин Оқ-Сой қишлоғидан 315 она-бола Баткен шаҳрига эвакуацияланган.
Вазият 23-июль куни кундузи кескинлашиб кетган. Қирғиз ҳукуматининг маълум қилишича, тожик тараф қайтадан ўқ отган. Оқибатда бир ҳарбий ходим ярадор бўлган.