Атамбаевнинг тарафдорлари уни қўлга олишга тайёргарлик кўрилаётганини билдиришган. ИИВ буни инкор қилмоқда

429
Қўй-Тошдаги «Халқ штаби»нинг аъзолари. Kloop.kg учун Эржан Бейшеналиевнинг сурати

ҚСДПннинг раҳбар ўринбосари Кундуз Жолдубаева 19-июлга ўтар кечаси ҳуқуқ тартибот органлари собиқ президент Алмазбек Атамбаевни «куч билан қўлга олишга» тайёрланишаётганини хабар қилган. Жолдубаеванинг маълумоти бўйича, собиқ президент 19-июлнинг иккинчи ярмида қўлга олиниши керак эди.

Мазкур баёнот ИИВдан Атамбаевга терговчиларнинг сўроғига келишни талаб қилган учинчи чақирув қоғози келгандан бир неча соат ўтгандан кейин эълон қилинган. Собиқ президент терговга яна бормаган.

Атамбаевнинг тарафдорларидан тузилган «Халқ штаби»нинг раҳбари  Кияз Смалиев «Клооп»нинг мухбирларига «куч билан қўлга олиш» ҳақидаги маълумот уларга 18-июлда келганини ва улар «қонунсизликка охиригача қаршилик кўрсатишларини» билдирган. Унинг айтишича, «Халқ штаби»нинг харакатларига Атамбаев ҳам, КСДП ҳам нуфуз қилмайди.

19-июльнинг иккинчи ярмида собиқ президентнинг яқин тарафдорларидан бири Фарид Ниязов ИИВ чиндан ҳам Атамбаевни қўлга олишни режалаштираётганини, аммо қандайдир бир сабаблар билан милиция охирги вазиятда бу ғоядан бош тортганини билдирган.

«Уларнинг ҳаёлида нима бор эканини ИИВдан сўранглар. Улар ҳуқуқ майдонига қайтиб келишсин, ҳукумат ҳуқуқ майдонига қайтсин, шундан кейингина Атамбаев билан гаплашиш мумкин [...] ИИВ ҳозир буни инкор қилмоқда, худо хоҳласа, ҳеч нарса бўлмай қўяқолсин», — деди Ниязов.

Унинг таҳминича, маълумот ОАВларга ва ижтимоий тармоқларга тарқаб кетгани сабабли, ИИВ собиқ президентни қўлга олиш фикридан қайтган.  «Бундай вазиятда куч қўлланишни бошлаган биринчи тараф ютқазади. Штаб аъзолари қонун доирасидаги барча воситалар билан  Алмазбек Атамбаевни ҳимоя қилишга тайёр», — деди Атамбаевнинг тарафдори.

Ниязовнинг айтишича, ҳуқуқ тартибот органларининг эҳтимолий харакатларидан Атамбаевни ҳимоя қилиш учун Қўй-Тошдаги қароргоҳнинг олдида «Халқ штаби»нинг вакиллари навбатда туришибди.

Ички ишлар вазирлиги дастлаб собиқ президентни куч билан қўлга олиш эҳтимоли ҳақидаги маълумотга изоҳ беришни истамаган. Бир неча соат ўтгандан кейин муассаса Жолдубаеванинг сўзларини инкор қилиб, «ёлғон маълумот» деб атаган.

Парламент Атамбаевни жавобгарликка тортиш учун экс-президент мақомидан ва даҳлсизликдан ажратган. Бу қарордан кейин собиқ президент ИИВга терговга чақирила бошлаган.

Депутатлар Атамбаевни криминал авторитет Азиз Батукаевнинг бўшатилишида, ерларга ноқонуний эгалик қилишда ва Бишкек ИЭМига кўмир етказишда компанияларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда айблашган.

Бунинг бари Атамбаев ва ҳозирги президент Сооронбай Жээнбековнинг ўртасидаги келишмовчилик ортидан бўлмоқда. Уларнинг жанжали 2018 йили баҳорда — Жээнбеков собиқ президентнинг коррупцияга қарши кампаниясининг натижаларидан шубҳа қилганига Атамбаев норози бўлганидан кейин бошланган.