ИИВнинг раҳбар ўринбосари Атамбаевнинг уйига келди — собиқ президент терговга уч марта келмаган

402
Кундуз Жолдубаева ва Мирлан Каниметов. Сурат: «АКИпресс»

Ички ишлар вазирининг ўринбосари Мирлан Каниметов 22-июлда Алмазбек Атамбаевнинг уйига келди. У Атамбаев нима учун терговга келмаганини билмоқчи бўлган ва шунингдек собиқ президентни Тергов гуруҳига нима учун чақирилаётганини тушунтириб берган. Kaktus Mediaнинг маълумоти бўйича, Каниметов Атамбаевнинг тарафдорлари билан 10 дақиқага яқин суҳбатлашиб қайтган.

Атамбаевнинг маслаҳатчиси Кундуз Жолдубаева Каниметов «Халқ штаби»нинг вакиллари билан суҳбатлашиш учун келганини «Клооп»га билдирди.

«[Вазир ўринбосари] экс-президент билан шахсан кўришишни талаб қилмаган. У Атамбаевнинг вакиллари билангина учрашишни истаган. Биз у билан қўлга олиш [эҳтимоли] ҳақида гаплашмадик», — деди Жолдубаева.

Аввалроқ, собиқ президентнинг адвокати Сергей Слесарёв Атамбаевни ИИВга сўроққа чақириш — ноқонуний деб билдирган.

19-июлда Атамбаев ИИВга терговга боришдан учинчи бор бош тортгандан кейин унинг тарафдорлари куч билан қўлга олиш эҳтимоли бор деб билдиришган.

Қўлга олиш бўлмаганига қарамай Атамбаевни қароргоҳининг ёнида доимо «Халқ штаби»нинг вакиллари навбатда туришибди.

Шундан кейин Атамбаев «бир неча кунга» Россияга боришим мумкин деб айтган. Атамбаев билдирганидек, у Қирғизистондан учиб кетгунга қадар куч қўлланиш билан қўлга олиниш эҳтимолини ҳисобдан чиқармайди.

Бунинг бари Атамбаев ва ҳозирги президент Сооронбай Жээнбековнинг ўртасидаги тортишув ортидан бўлмоқда. Уларнинг жанжали 2018 йили баҳорда — Жээнбеков собиқ президентнинг коррупцияга қарши кампаниясининг натижаларини шубҳа остига олишидан Атамбаев норози бўлганидан бошланган.