Норин туманининг 70га яқин турғуни 15-июлда вилоят маъмуриятининг ёнида митингга чиқишди. Аҳоли ҳукуматдан Хитойнинг Zhong Ji Mining компанияси ишлатувчи Солтон-Сари олтин конини ёпишни талаб қилишди.
Норин вилоятидаги ҳукуматнинг мухтор вакили аппаратининг мудофаа, ҳуқуқ тартиби ва фавқулотда ҳолатлар бўлимининг ходими Чолпонбек Насирдинов «Клооп»га билдиришича, митингга Эмгекчил, Минг-Булак ҳамда Он-Арча қишлоқларининг турғунлари чиқишган. Улар олтин ишлаб чиқариш сабабли уй ҳайвонлари қирилаётганидан шикоят қилишган.
«Бунгача 29 ҳайвон ўлди дейишмоқда. Сувдан ва ўтдан бўлаётганини айтишмоқда. Туман ветеринария инспекцияси ўлган молдан мишьяк ва нитрат топилди деб чиқарибди. Ҳозирда комиссия тузилиб, молнинг ўлимини аниқлаш учун намуналар олинмоқда. Унинг таркибига турғунлар ҳам кирган», — деди Насирдинов.
Давлат ветеринария ҳавфсизлиги бўйича инспекциянинг матбуот котиби Рахат Садирбекова ўлган қўйдан мишьяк ва нитрат топилганини «Клооп»га тасдиқлади. Экотехинспекция ўлган ҳайвонлар қандай қилиб заҳарланганини аниқлаб чиқиши керак.
«Бизга уй ҳайвонлари ўлаётгани ҳақида маълумот 8-июлда тушган. Улар мишьяк ва нитратдан заҳарланган деган дастлабки ташҳис қўйилди», — деб билдирди Садирбекова.
Норин вилоятидаги ҳукумат вакилининг биринчи ўринбосари Азиз Касенов «Спутник» нашрига берган интервьюсида, мол ўлими кон фаолиятига боғлиқ бўлгани аниқланса, Хитой компанияси зарарларни тўлаб беришга тайёр эканини айтган.
Бунга қадар фейсбукдаги бир неча гуруҳда Солтон-Сари водийсида олингани айтилган сурат ва видеолар эълон қилинган. Публикация муаллифлари Хитой компанияси сойдаги сувни булғаб юборганидан уй ҳайвонлари қирилаётганини ёзишган.
«Хитойлар катта портлаш қилишди. Болалар қўрқиб кетди, моллар ҳуркиб қўрага келди. Мана шундай қилиб чангитиб портлатишади. Мана шу қизил тутун цианид. Бу ёқда молчилар ўтирибди, халқни ўйлайдиган ҳеч ким йўқ», — деб айтган видеонинг муаллифларидан бири.
Бу маҳаллийларнинг Солтон-Саридаги ишхонани ёпиш бўйича илк талаби эмас. 2018 йили майда Эмгекчил қишлоғининг 100га яқин турғуни олтин ишлаб чиқарувчи ишхонага қарши чиққан. Улар ҳам айрим чиқиндилар сойга тўкилиб, аҳоли ва мол ичувчи сувни булғаётганини айтишган.
Zhong Ji Mining Хитой компанияси Солтон-Сарида текширув ишларини ўтказишга ва олтин ишлаб чиқаришга лицензияни 2012 йили олган. Таҳминан у ердаги қимматбаҳо металлнинг заҳираси 20 тоннани ташкил қилади. Компания 160 маҳаллийни иш билан таъминлаган.