Жалолободнинг мэри тарафидан калтаклангани айтилган турғун аризасини қайтариб олди

470

Жалолобод шаҳрининг мэри Муратали Тагаев тарафидан калтаклангани айтилган турғун 5-июлда милицияга даъво аризасини қайтариб олиш ҳақида ариза ёзди. Бу ҳақда «Клооп»га вилоят милициясидан билдиришди.

Бир неча ОАВлар 4-июлда Жалолобод шаҳрининг мэри Муратали Тагаевнинг устидан маҳаллий фуқаро ариза ёзганини ҳақида ёзиб чиқишган. Журналистларнинг маълумотига кўра, «Тагай Бий» ҳаммомида 3-июлга ўтар кечаси жанжал чиқиб, Тагаев фуқарони калтаклаган.

Воқеа бўлган куни «Малина ТВ» ютуб канали видео эълон қилиб, унда шаҳар касалхонасининг травматология бўлими раҳбари Кулмамат Капаров калтаклангани айтилаётган фуқаро ёрдам сўраб мурожаат қилганини тасдиқлаб берган.

«Бизга 1987 йили туғилган фуқаро келиб мурожаат қилган. Беморнинг ва қариндошларининг айтишича, воқеа шаҳардаги «Тагай Бий» ҳаммомининг ёнида бўлган. Уни ўзининг таниши урган экан», — деб айтган Капаров.

Мэр тарафидан калтакланган деб айтилган турғуннинг онаси Уркуя Эркинбаева билан «Клооп»нинг журналистлари алоқага чиққанда, «эркаклар уришади-да» деб воқеа ҳақида айтиб беришдан бош тортди.

Мэриянинг матбуот котиби Азамат Жээнбеков эса шаҳар раҳбари турғунни калтаклади деган маълумот ёлғон эканини айтиб, Тагаевни қоралаш харакати бўлганини билдирди.

Жалолобод вилоят милициясининг матбуот котиби Нурдин Жээнтаев «Клооп»га билдиришича, мазкур воқеа шифокорнинг билдируви асосида 3-июлда «Безорилик» моддаси билан рўйхатга олинган. Бундан кўп ўтмай ҳуқуқ тартибот органларига шаҳар турғуни ўзи мурожаат қилиб Муратали Тагаев исмли шахс устидан ариза ёзган.

Аммо матбуот котиби 4-июлда ариза мэрга қарши ёзилдими ёки йўқми тергов давомида аниқ бўлишини айтган. «Клооп»нинг журналисти 5-июлда Жээнтаевга қайта боғланганда, мэр тарафидан калтаклангани айтилаётган фуқаро аризасини қайтиб олганини хабар қилди.

«Тергов жараёнида шаҳар мэрининг ургани исботланмаган. Барча гувоҳлар тергов қилиниб факт тасдиқлангани йўқ. Ариза эгаси ҳаммом мэрнинг қариндошларига тегишли эканини эшитиб, жаҳл устида милицияга мурожаат қилганини айтиб, шикоятидан воз кечди», — деб билдирди Жээнтаев.