Милиция Иссиқкўлда икки кишини ўлдириб, бир кишини гаровга олган гумондорни қидирмоқда

407
Иллюстратив сурат. Муаллиф: Улан Асаналиев / RFE / RL

Ички ишлар вазирлигининг (ИИВ) матбуот хизмати маълум қилишича, Иссиқкўл вилоятида 4-июль куни эрта билан икки киши ўлдирилиб, яна бир аёл гаровга олинган.

Воқеа «Хан-Тенири» лагерида бўлган. Милиция гувоҳлар билан суҳбатлашгандан сўнг икки кишини қўриқчи ўлдирганини аниқлаган. Гувоҳларнинг айтишига қараганда, у «Вепрь» русумидаги ўқ отар қурол билан лагер бошчисининг ўринбосарини кўксига отиб, шундан кейин бир ишчининг қорнига ўқ отган.

«Шунингдек, воқае бўлган вақтда ошхонада овқатланиб ўтирган Тасма қишлоғининг 33 ёшдаги турғуни гумондорни ушлашга харакат қилган вақтда, унинг қўлини пичоқ билан кесиб юборганда, у қочиб кетгани маълум бўлган», — деб айтилади ИИВнинг хатида.

Милициянинг маълумотига кўра, лагер раҳбарининг ўринбосари ўша ерда ҳалок бўлган. Қорнига жароҳат олган киши эса касалхонага етмай вафот этган.

Қўриқчи аёлни гаровга олиб воқеа жойидан қочиб, изини яширган. Айрим ОАВлар гумондор гаровга олган аёлни қўйиб юборганини ёзишмоқда. Иссиқкўл вилоят милициясидан бу ҳақда ишонч билан айтиб бўлмаслигини билдиришди. Чунки лагер билан ҳозирча алоқа йўқ.

Милиция ва спецназ гумондорни қўлга олиш бўйича харакатларни олиб бормоқда. Мазкур факт Жиноятларни ва қилмишларнинг умумий реестрида расмийлаштирилиб, судгача текширув бошланди.