Бурулайнинг оиласи милиционерларнинг ҳукмидан шикоят қилди. Улар жаримага тортилган эди

28

19-июнда Чуй вилоят суди 2018 йили милиция бўлимида ўлдирилган 19 ёшдаги  Бурулай Турдали қизининг вафоти сабабли масъулиятсизликда айбланган милиционерларнинг ишини кўриб чиқа бошлайди.

Бурулайни оиласининг адвокатлари милиционерларни жаримага тортган ва патрул милициянинг икки инспекторини оқлаган Аламудун туман судининг ҳукмидан шикоят қилишди.

Адвокат Эсения Рамазанованинг айтишича, туман судининг ҳукмига милиционерларнинг ўзлари ҳам шикоят қилишган.

«Улар ўз шикоятларида суднинг қарори ноқонуний бўлганини билдиришиб, оқловни [илтимос қилишган]. Бизнинг шикоят қилишимизнинг сабаби эса — биз жаримага рози эмасмиз, чунки бу улар учун жуда енгил жазо», — деб айтиб берди Рамазанова «Клооп»га берган интервьюсида.

Аламудун туман суди апрелда уч милиционерни масъулиятсизлик бўйича айбдор деб топиб, патрул милициясининг икки ходимини оқлаган. Суд милиционерларнинг уч нафарига давлат фойдасига 260 минг сомдан ва 100 минг сом Бурулайнинг отасига тўлаб бериш мажбуриятини юклаган.

Патрул милициясининг ходимлари оқланган, чунки улар фақатгина қизни милиция бўлимига етказишган холос, бу бўлимда эса қиз ўлдирилган. Марҳумнинг отаси эса уларга қарши даъводан бош тортган.

Прокурор милиционерларнинг айблари «тўлиқ исботланган» деб ҳисоблаб, уларни беш йилга озодликдан ажратишни сўраган.

Шунингдек, марҳумнинг отаси Турдали Кожоналиев қизи ўлдирилган куни милиция бўлимида 11 ходим бўлганига қарамай жиноий жавобгарликка беш нафаригина тортилаётганини айтган.

Жамоатчиликда шов-шув яратган Бурулай Турдали қизининг ўлими 2018 йили 27-майда милициянинг бўлимида содир бўлган. Марҳум қизнинг ўлими бўйича ишни президент Сооронбай Жээнбеков шахсий назоратига олган.

Тергов версияси бўйича, Бурулайни ўша куни уйланиш учун дўсти билан олиб қочган Марс Бодошов ўлдирган. Бодошов қизнинг ўлими бўйича айбдор деб топилиб, 2018 йили декабрда 20 йилга кесилган.

Шунингдек 23 милиционер жавобгарликка тортилган. Уларнинг ичидан айримлари бўшатилиб, яна бошқаларига жиддий хайфсан эълон қилиниб, учинчиларига нисбатан синов муддатлари берилган.