Ўш: Милиционерларни 15 ёшдаги ўсмирни қийнашда айблашмоқда — ҳуқуқ тартибот органлари буни инкор қилади

445

Ўсмирнинг онаси Роза Хамидова «Клооп»га билдиришича, милиция унинг ўғлини 3-июнь куни таҳминан соат 16:00ларда қўлга олган. Шундан кейин болани Ўш шаҳрига яқин жойлашган Ўзғур қишлоғига олиб бориб, ўғрилик жиноятини бўйнига олдиришга харакат қилишганини айтмоқда.

«Милиция ходимлари ўғлимни ўғрилик бўйича жиноятни бўйнига олишга мажбурлашган. Шундан кейин унинг бошига елим халта кийгизиб, қийнашган. Мен ўша вақтда унга қўнғироқ қилиб, аммо боғлана олмадим», — дейди у.

Хамидованинг айтишича, у ўғли билан бошқа телефон номери орқали қўнғироқ қилибгина боғлана олган: «Ўғлим Ак-Буура милиция бўлимида эканини айтди».

Она ўғлини милиция бўлимидан таҳминан тунги соат 2ларда олиб чиққан. Хамидова ҳуқуқ тартибот органлари унинг балоғатга етмаганини ҳисобга олмай ота-онаси ҳамда адвокатисиз тергов қилишда айблайди.

Ҳозирда жабрланувчи шифокорларнинг назоратидан қийноқ факти бўйича суд-тиббий экспертизадан ўтказилмоқда. Онаси ўғлининг баданида доғ белгилари йўқ, аммо ички органларида шикаст бўлиши мумкин дейди.

Воқеадан кейин у Миллий қийноқларнинг олдини олиш марказига мурожаат қилиб, қийноққа олганларнинг устидан ариза ёзган.

«Онасининг айтишича, унинг боласига айбни бўйнига олдириш учун руҳий босим ўтказиб қийнашган. Биз бу вазиятни ўрганиш учун шаҳар прокуратурасига мурожаат қилдик», — деди «Клооп»га марказ раҳбари Нурдин Сулайманов.

Милициянинг версияси

Ўш шаҳар ИИБнинг матбуот котиби Абсатар Тавакалов «Клооп»га билдиришича эса, болага нисбатан ҳеч қандай қийноқ кўрсатилмаган.

Милициянинг маълумоти бўйича, 1-июнда Ак-Буура милиция бўлимида Ўзғур қишлоғидаги дўконларнинг биридан 40 минг сомлик маҳсулот ўғирлангани бўйича факт рўйхатга олинган. Унга гумондор видеокамерага тушиб қолган.

«Бола 3-июнда қўлга олинди. Унга қарши ҳеч қандай куч қўлланилмаган. Даъвогарлар гумондор ўсмир эканини билишгандан кейин аризасини қайтариб олди», — деди милициянинг матбуот котиби.

Ҳуқуқ тартибот органлари қўлга олинган боланинг онаси ўғлининг жавобгарликдан қутқариш мақсадида милиция ходимларини қийноққа олишда айбламоқда деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, милиция қўлга олинган бола 12 ёшидан 10 марта ўғрилик факти билан қўлга олинганини қўшимча қилишди. Аммо боланинг онаси мазкур маълумотни инкор қилмоқда.