Суд Атамбаевнинг маъмуриятида суд ислоҳотига масъул бўлган Манас Арабаевни бир ойга қамоққа олди

451
Манас Арабаев. Сурат: «АКИ пресс»

Бишкекнинг Биринчи май туман суди преидентлик аппаратининг суд ислоҳоти ва қонунийлик бўлимишининг собиқ раҳбари Манас Арабаевни бир ойга қамоққа олди.

Миллий ҳавфсизлик бўйича давлат комитети (МҲДҚ) уни «коррупция», «хизмат вазифасини суистеъмол қилиш» бўйича айбламоқда. Тергов бу «хорижий инвесторларнинг объектларини рейдерлик босиб олишга» олиб келган деб ҳисоблайди. МҲДҚ қайси объектлар бўйича гап бўлаётганини аниқ айтгани йўқ.

Арабаев президент маъмуриятида 2015-2018 йиллари бўлим бошчиси бўлиб ишлаган.

Бу вақт давомида у бир неча бор  «судларга босим ўтказишда» айбланган — энг жанжалли билдирувларнинг айримлари 2016 йили депутат Канатбек Исаев, ундан кейин 2018 йил апрелда собиы судья Максуда Оморова тарафидан айтилган.

Парламентарийнинг айтишича, Арабаев ва МҲДҚнинг  антикоррупция хизматининг собиқ ходими Алмаз Маткасимов судларда «[ўзларига керакли] қарорларни чиқартиришган».

«Мабода, буларнинг буйруғини қайсидир бир суд ижро қилмай қўйса  - у албатта ишдан ҳайдалади. Йўқ деганда олис туманга бир йилга "сургун"га кетади. Турли сабаблар билан ўн бешга яқин суд ишидан бўшатилди. Шундай вазиятдан кейин "мустақил суд ҳокимиятини ўрнатамиз" деган мақсадимиз шунчаки қуруқ гап бўлиб қолди», — деб келтиради депутатнинг сўзларини «Азаттык».

Ўз навбатида Оморова фэйсбук саҳифасида Арабаев ва Маткасимов қизи Гульчехра Оморовани «Оқ уй кўрсатмасини» бажармай қўйгани учун  судьяликдан кетказиб юборишганини ёзган.

Бош прокуратура 2018 йили Арабаевни судларнинг фаолиятига аралашганлик эҳтимолини текширув натижаси бўйича жиноий иш қўзғашдан бош тортган. Текширув жиноят таркибини топмаган.

                                                                                        Муҳаррир: Улугбек Акишев