«КТ Мобайл» дегани ўзи нима?
Давлатга қарашли «КТ Мобайл» мобил алоқа оператори — бу «Кыргызтелеком» миллий алоқа операторининг шўъба ишхонаси. У 2003 йили тузилган.
Айни вақтда компания лицензия ва мобил алоқа учун тўлқинларни олган. 2018 йили компания алоҳида алоқа оператори бўлишни истаган ва бунинг учун бошқа, «Мегаком» давлат компанияси билан бирлашган.
Ярим йил аввал «КТ Мобайл» билан «Мегаком»нинг ўртасида битим тузилган. Унга кўра, «Мегаком» ҳамкорига тўлқинларни қўлланиш учун 345 млн сом бериши керак бўлган. Бу пулларнинг ҳисобидан «КТ Мобайл» уяли алоқа бозорига чиқишни хоҳлаган. Аммо кейинчалик икки давлат компаниясининг ўртасида келишмовчиликлар чиққан.
Аммо нега кутилмаган ердан «КТ Мобайл» ҳақида гапирила бошланди?
Май ойининг ўртасида ижтимоий тармоқларда «КТ Мобайл» етакчилигининг маошлари ёзилган бўлиш эҳтимоли бўлган қоғознинг сурати пайдо бўлган.
Бу суратга кўра, компаниянинг бош директори Нурбек Мукамбетов ойига 350 минг сом, ўринбосари Эрназар Рисалиев эса (у Эрназар Иманкадар ўғли) 300 минг сом олиб турган.
Раҳбарлик хизматларини эгаллаган бошқа ходимлар эса 85 мингдан 290 минг сомгача олиб турган бўлиши мумкин. Қоғозларнинг остида мазкур ходимларнинг маошлари ноқонуний ортирилгани айтилган.
Компаниядан бу маълумотни «ёлғон» деб аташди. «Ижтимоий тармоқларда бизнинг маошларимиз ҳақида пайдо бўлган маълумотни инкор қилгим келади. Унинг устидан қаттиқ кулдик», — деб айтди «КТ Мобайл» директорининг ўринбосари Эрназар Иманкадир ўғли 14-майда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Бу ерда премьер-министрнинг қандай алоқаси бор?
Айни вақтда Эрназар Рисалиев ҳукумат раҳбари Мухаммедкалий Абилгазиевни божасининг боласи экани бўйича маълумот пайдо бўлган. Ҳукумат Рисалиев ва Абилгазиев ўртасида қариндошлик алоқалари борлигини тасдиқлаган.
«Бироқ Рисалиевнинг ўғли Эрназар «КТ Мобайл» компанияси директорининг ўринбосари эканлигини Абилгазиев шу вақтгача билмаган. Бу вазиятда ҳукумат раҳбари, у (Эрназар) хизматдан кетиши керак деб ҳисоблайди», — деб билдиришган ҳукуматдан.
Бундан ташқари, ҳукуматдан Абилгазиев «давлат ишларига қариндошчилик алоқаларини аралаштирмаслик принципида туришини» таъкидлашди.
Шунингдек Абилгазиев «КТ Мобайл» ходимларининг маошларини ва компаниянинг самарадорлигини текширишни топширди.
«КТ Мобайл» компаниясининг матбуот хизматидан Эрназар Рисалиев компанияда 15-майдан бери ишламайди деб билдиришди. У ишдан кетиш ҳақида ариза ёзган.