Вице-спикер Касималиева: Жалил Атамбаевнинг даъво аризасини чақиртириб олгани коррупцияга қарши курашдаги ғалаба эмас

504
Аида Касималиева. Сурат: Жогорку Кенешнинг матбуот хизмати

Вице-спикер Аида Касималиева 8-майда парламент йиғинида ўшлик тадбиркор Жалил Атамбаевнинг «Азаттык» мухбири Идирис Исаковга қўйган 50 млн сомлик суд даъвосидан бош тортиши фақатгина журналистлар жамоасининг ғалабасинигина англатишини билдирди.

«Нуқта қўйилгандек сезилади, аммо нуқта қўйилганича йўқ. Ҳамкасбларимиз Жанар Акаев, Алмамбет Шикмаматов, Алтинбек Сулайманов сўзлашиб, ўша тадбиркор  50 млнлик даъво аризасини қайтариб олди [...] Даъво аризасини қайтариб олгани — журналистлар жамоасининг ғалабаси, аммо бу давлат учун коррупция билан курашдаги ғалаба эмас», — деб айтди Касималиева.

Шунингдек, Исақов ўз текширувида қилган хулосаларни синчиклаб текширишга ундади, чунки уларнинг бари очиқ манбалардаги маълумотларга асосланган.

«Агарда биз шу каби журналистик текширувларни қоралаш, миш-миш билан аралаштириб юборсак, у ҳолда ортга кетаверамиз», — деб қўшимча қилди вице-спикер.

Атамбаевнинг журналист Исақовга қарши қўйган даъвоси

Атамбаев Исақовни 29-апрелда судга берган. У «Азаттык» Исақовнинг Ўшдаги яширин иқтисод бўйича журналистик текширувини эълон қилишидан кўп ўтмай судга мурожаат қилган. Журналист ўз текширувида Атамбаевга боғлиқ компаниялар даромадларни яширгани ҳақидаги маълумотларни келтирган.

Жалил Атамбаев Исақовдан 50 млн сом талаб қилган, бундан ташқари ўзининг собиқ бизнес ҳамкорлари Мирлан Маматов ва Марат Сайбидиновдан ҳам 5 млн сомдан ундиришни истаган. Унинг бу икки ҳамкори журналистик текширувда Атамбаевдан уйларнинг қурулиши учун ўз улушларини ололмай келишаётганини айтишган.

Атамбаев даъво аризасини 7-майда чақиртириб олган. Унинг адвокатини айтишича, тадбиркор бу қарорга рамазон кунида кечиримли бўлиш мақсадида келган.

Текширув эълон қилингандан кейин Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш бўйича давлат хизмати Исақов тилга олган фактлар бўйича жиноят ишини очган.