Жалолобод мэрияси ер ости йўлини қурган компанияга 6 млн сом тўлаб бериши мумкин

668

Ўтган йилнинг сентябрида Жалолобод шаҳрида биринчи ер ости йўлагининг очилиши бўлган. Ўша вақтда шаҳар ҳукумати йўл 12 млн 800 минг сомга қурилганини билдирган. Энди мэрия ер ости йўлини қурган компанияга яна 6 млн сомга яқин маблағ ажратиб бериши мумкин бўлмоқда. Чунки лойиҳанинг смета қийматига айрим хизматлар қўшилмай қолган.

Вице-мэр Майрамбек Адилбеков шаҳарнинг капитал қурулиш бошқармаси ер остидаги йўлнинг сметасини тузишда бетон ҳамда арматуранинг қийматини ҳисобга олмай қолганини «Клооп»га билдирди.

Мазкур хато қурулиш ишлари 30 фоизга яқинлаб қолганда аниқлангани сабабидан, мэрия компанияга масалани ҳал қилиб беришни ваъда қилади. Лекин шаҳарнинг 2018 йилдаги бюджети бунгача қабул қилинмаганидан, қолган маблағ бюджетга кирмаган. Сметада кўрсатилмай қолган маблағнинг қиймати таҳминан 5 млн 735 минг сомни ташкил қилади.

«2019 йилнинг бюджети кўриб чиқилаётганда қарзни бу йил фирмаган бериб қўяйлик деган масала кўтарилди. Шаҳар ва қишлоқ кенгашининг айрим депутатлари бу масалани қўллаган бўлса, айримлари қўллашмаган. Ишчи гуруҳ тузиб, ҳужжат ишларини ўрганиб чиқиладиган бўлди», — деган Адилбеков ишчи гуруҳ натижа қачон чиқиши ҳақида аниқ маълумот бера олмади.

Вице-мэр қўшимча қилишича, агарда ишчи гуруҳ смета қийматини тузишда хатолик кетганини аниқласа, мэрия компанияга 6 млн сомга яқин маблағ бўлиб беришга мажбур бўлади.

Мақола эълон қилиниши арафасида ер ости йўлини қурган «Сафари» компаниясининг вакиллари билан «Клооп» журналистининг боғланиш харакатидан фойда чиққани йўқ.

Ҳукумат 2019 йили шаҳардаги Ленин кўчасига иккинчи ер ости йўлини қуришни режалаштирмоқда. Бунинг учун маҳаллий бюджетдан 31 млн сом ажратилишини маълум қилишди.

Шаҳардаги дастлабки ер остидаги йўл марказий Ленин ва Нагима Айтматова кўчаларининг чорраҳасида қурилган. Унинг очилиши 2018 йилнинг сентябрь ойида, тантана билан ўтган. Мэрия ер ости йўли тиқинларни озайтиради деб айтган.