«Манас» аэропорти қайта ишлай бошлади. Бомба топилгани йўқ

563
Сурат: 24.kg

Бишкекнинг «Манас» аэропортидаги бомба бўйича маълумот сабабли ҳуқуқ тартибот органлари уни қуршовга олиб, одамларни  эвакуациялагандан кейин аэропорт қайта ишлай бошлади. Милиция билдиришича, портловчи модда топилмаган. Эвакуация сабаб уч рейс тўхтатилган.

Воқеа жойига борган «Клооп»нинг муҳбири  Рустам Халимов билдиришича,  аэропорт очилиб, одамларни қайта киргиза бошлаган. Бу хабарни МХДКнинг матбуот котиби Рахат Сулайманов ҳам тасдиқлади. Унинг айтишича, текширувдан кейин бомба топилмаган.

Миллий хавфсизлик давлат хизматининг (МХДХ) матбуот хизмати билдиришича, 5-февраль куни соат 15:09да уларга халқаро «Манас» аэропортига бомба қўйилиши эҳтимоли тўғрисида маълумот келган.

Аэропортнинг биноси қуршовга олинган ва МХДХ ва ИИМ ходимлари иш олиб бормоқда. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари буюмларни ва портловчи моддаларни излашган.

Милиция аэропортга борувчи йўлни тўсиб, «Манас»га бораётган машиналарни бир неча соат ўтказмай турди.

Эвакуация сабаб уч рейс тўхтатилган: Бишкек — Москва (у соат 17:05да учиб кетиши керак эди), Ўш — Бишкек (соат 17:25да учиб келиши керак эди) ва Бишкек — Новосибирск (соат 18:05да учиб кетиши керак эди).

Журналист Регина Им соат 15:30да «Манас»га қўнган Москванинг самолётида эканини билдирди. Унинг маълумотига кўра, йўловчиларни самолётдан бир соатдан ортиқ вақтдан бери чиқаришмаяпти.

«Бизга “Манас аэропортининг хавфсизлигини таъминлаш тадбири сабаб ер усти хизматлари ишламаяпти” ва йўловчиларни чиқариш учун биз уларни кутаётганимизни айтишди. Бу 20 дақиқага яқин вақтни олади деб ваъда қилишди. Ярим соатдан сўнг бизга бомба тўғрисида хабарни эшиттиришиб, аэропортда қидирув ишлари юргизилаётганини айтишди», — деб билдирди у «Клооп» журналистига.