Журналистларнинг маълумотига кўра, шартли жазо олган собиқ вице-премьер Дуйшенбек Зилалиев Қирғизистондан чиқиб кетишга харакат қилган ва ҳуқуқ тартибот органлари томонидан қўлга олинган. Амалдорнинг қўлга олингани бўйича маълумотни унинг адвокати тасдиқлади. Шартли жазо қоидаларини бузганлик учун собиқ амалдор қамоққа олиниши мумкин.
24.kg сайтининг маълумотига кўра, аввалги премьер Сапар Исаковнинг жамоасида бўлган собиқ вице-премьер-министр Дуйшенбек Зилалиев Қирғизистондан чиқиб кетишга уринаётган вақтда қўлга олинган. Зилалиев шартли равишда уч йилга ҳукм қилинган ва шу сабабдан ўлкадан чиқиб кетиши мумкин эмас эди.
Амалдорнинг адвокати Учкун Каримов Зилалиевнинг қўлга олинганини тасдиқлади, лекин бунинг сабабини изоҳламаган. Унинг айтишича, 9 декабрда собиқ вице-премьер судга юборилган.
Милиция ва чегара хизматида Зилалиевнинг ушланиши бўйича хабарни тасдиқлай олишмади. МҲДК билан эса боғланиб бўлмади.
Sputnik нашри ҳуқуқ тартибот органларидаги манбасига таяниб ёзишича, собиқ амалдор ноқонуний бойлик тўплашда айбланиб қўлга олинган. Иш амалдорнинг даромад тўғрисидаги деклерациясини текширгандан кейин қўзғалган.
Шартли жазо қоидаларини бузгани учун Зилалиев қамоққа олиниши мумкин. У президент Сооронбай Жээнбековнинг инаугурацияси куни бомба ҳақида ёлғон маълумот берганлик учун сиртдан ҳукм қилинган эди.
Давлат қораловчиси унга икки йиллик қамоқ жазоси берилишига уринган. Собиқ амалдор айбини тан олмаган ва суд ҳукмидан шикоят қилишини билдирган.