Ўш ҳукумати янги ахлатхона учун жойни узоқ қидириб, эскисининг ёнидан жой топишди

734
Ўш шаҳрининг чиқинди майдони. Сурат: Нуртаза Абдиев/Kloop.kg

«Ош-Тазалык» муниципиал ишхонаси олти йилдан бери янги шаҳар чиқинди ташланувчи ҳудуд учун ерни бесамар қидирган. Ўш мэрияси шаҳарнинг ўзида ер йўқ, қўшни районлар эса ер бўлиш учун ёрдамлашишга шошилмаган деб тасдиқлади. Натижада янги ахлатхона полигонини авария ҳолатда  ётган эскисининг ёнига қуришга қарор қилишган.

2012 йили Европа тараққиёт ва реконструкциялаш банки (ЕТРБ) янги ахлатхонани қуришга деярлик 11 млн евро ажратган, унинг ичидан беш миллиони 12 йилга кредит қатори берилган. Ахлатхона полигонини қуришга тендер уни қуришга ер ажратилгандан кейингина эълон қилинади. Тендерни ютган компания қурилиш ишларига ЕТРБдан кредит олади, пулни эса қайта «Ош-Тазалык» тўламоқчи, чунки янги полигон унинг қарамоғида қолади.

Янги ахлатхона нима учун керак?

Ҳозир Ўшдан чиққан чиқинди шаҳардан беш километр узоқдаги полигонга чиқарилади. У 1950 йилларнинг охирида қурилиб, унинг худуди 50 гектардан ошади. Кун сайин Ўшдан полигонга таҳминан 160 юк машинасида чиқинди ташланади.

Чиқинди майдонидан бир километр узоқ ерда ДЭУ жойлашган. Маҳаллий турғунлар атроф-муҳитни ва соғлиқларининг бузилганидан шикоят қилишмоқда. Улар ўзларининг муаммосини уч йилдан бери ёпилишини кутишаётган чиқинди полигони билан боғлашмоқда.

«Бизнинг болалар доимо турли юқумли касалларга гирифтор бўлишади. Қизим бир ойдан бери кўзлари шишиб, қазариб юради.У борган бола боғчада ҳам бошқа болалар доимо оғришади», — деб айтган йил бошида маҳаллий турғунлардан бири.

ДЭУнинг аҳолиси бир неча бора митингга чиқишиб, полигоннинг кўчирилиши талаб қилишган. Аммл ҳукуматдагилар уларнинг илтимосига эътибор ҳам қаратишмаган.

Ҳар куни Ўшдан полигонга таҳминан 160 оғир юк машинасида чиқинди чиқарилади. Сурат: Нуртаза Абдиев/Kloop.kg

Нима учун «Ош-Тазалык» ахлатхонасини кўчириш кечиктирилмоқда?

Чунки бунинг учун ер топиш режалаштирилгандан ҳам мураккаброқ. Янги чиқинди майдонини қуриш учун йўқ деганда 33 гектар ер керак.

Бошида уни яқиндаги ҳудудларга, Қорасув ёки Новқат районида қуришни исташган. Аммо, «Ош-Тазалык»нинг етакчиси Талантбек Капаровнинг айтишича, қишлоқ кенгашининг депутатлари лойиҳани мақуллашмаган.

««Улар ўзаро маслаҳатлашиб, полигон бизга керак эмас деб хулоса қилишган. Уларнинг айтишича, у ерлар бўлиниб, хусусийлаштирилиб кетган», — деб тушунтиради Капаров.

Полигон қурилувчи Қорасув районининг маъмуриятидан талаб қилинган ер  «санитария талабларига жавоб бермайди» деб айтилган.

Район маъмуриятининг раҳбар ўринбосари Мээрим Жороеванинг айтишича, ҳозир маҳаллий амалдорлар полигон учун янги ер майдонини излашмоқда. Аммо ҳозирча Қорасув районида ер йўқ.

Бу қорасувлик амалдорлар Ўшнинг эҳтиёжи учун ер бўлиб беришга қарши чиқишаётганлигининг ягона сабаби эмас. Маҳаллий кенгашнинг раиси Абусалим Юсупов унинг ҳудудида  турар-жой қуриш учун ерни 3000га яқин киши кутаётганини айтмоқда. У қўшимча қилганидек, унинг ҳудуди бунга қадар ҳам Ўшга кўп ер берган. 2012 йили шаҳарга 270 гектар ер берилган.

«Ер сўрашган [полигон учун] ҳудуддан бир километр узоқликда маҳаллийларга турар-жой қуриш учун ер бўлиб берилган. Бу жуда яқин. Шамол бўлганда полигондаги чиқиндини бари қишлоққа учиб боради», — деб тушунтиради Юсупов.

Новқат районида ҳам ортиқча ер майдони топилмай қолган. Новқатнинг қишлоқ ҳукумати раҳбари Бексултан Ташполот уулу тасдиқлашича, барча бўш ер участкалари қишлоқликларнинг ўртасида бўлиниб берилиб кетган.

«Биз маҳаллий аҳолиб билан учрашув ўтказдик, уларнинг бари ернинг берилишга қарши. У ер аҳоли яшаган ҳудуддан 3-4 километр оралиқда жойлашган. Чиқинди атроф-муҳитни булғайди деб [қарор қилишди]», — деб айтади у.

Нима учун янги полигон эскисининг ёнига қурилади?

Икки район ҳам янги ахлатхона учун ер бўлиб беришдан бош тортишгандан кейин «Ош-Тазалык» эски полигоннинг ёнига янгисини қуришга қарор қилган.

«Эски полигоннинг майдони 54 гектарни ташкил қилади. Унинг 20 гектаригина ишлатилмоқда, қолган 30 гектар бўш. Уни яна 30-40 йил ишлатса бўлади. Биз ЕТРБга бу лойиҳани таклиф қилиб, ўша ерга янги полигон қуришни режалаштиряпмиз», — деди «Ош-Тазалык»нинг раҳбари  Талантбек Капаров.

Айни вақтда эски полигон анча аввал яроқсиз вазиятга келиб қолган. Ўшнинг экотехинспекциясининг етакчиси Асан Мамираимов у ерда ёнғинга қарши хавфсизлик чоралари сақланмаганини тушунтиради — йиғилган чиқинди чириб, унинг устида доимо тутун туради.

«Тутун ДЭУ яшовчиларининг соғлигига салбий таъсир кўрсатади. Биз “Ош-Тазалык”дан экология ва ёнғин ҳавфсизлигига қарши ишларни олиб боришни илтимос қилдик», — дейди у.

Эколог Эгемназар Айдаралиев ҳам эски полигонни рекультивациялаш кераклигини айтади. Унинг фикрига кўра, эски чиқинди майдонини қум билан кўмиб, унинг атрофини тўсиб ташлаш керак.

Ўш ҳукумати эски ахлатхонаси рекультивацияланиб, унга яқин қуриладиган янгиси аввалгисидан ҳам хавфсихроқ бўлади деб ваъда қилмоқда. Айни вақтда ҳукумат ишнинг аниқ бошланиш вақтини билдиргани йўқ.

Сурат: Нуртаза Абдиев/Kloop.kg

«Ош-Тазалык» кредитни қандай тўламоқчи?

Ишхона кредитни 2019 йилнинг апрелида тўлай бошлаши керак. Ҳозирда «Ош-Тазалык» янги полигон қурила бошлагунча ЕТРБ билан кредит тўлаш муддатини жилдириш бўйича келишувга харакат қилмоқда. ЕТРБдан эса «Клооп»нинг журналистига ишхонанинг бу илтимоси бўйича изоҳ беришдан бош тортишди.

Шундай бўлсада Капаров «Ош-Тазалык»да қарзни тўлашда муаммо туғилмаслигини айтади.

«Бизда пул бор. Агар 2013 йили “Ош-Тазалык”нинг бюджети 30 млн сомни тузган бўлса, 2018 йили у 108 млн сомга етган», — деб тушунтиради у. Унинг айтишича, даромаднинг ўсиши чиқинди чиқариш учун абонентларнинг сонининг кўпайиши, шаҳарга янги ҳудудларнинг қўшилишга ҳамда тўлов тизимин оптимизациялашга боғлиқ.

Янги полигон қуриш учун тендер у жойлашадиган ер тўлалигича аниқлангандан кейингина ўтади. Ҳозир маҳаллий ҳукумат ЕТРБ полигон жойлашувчи ер бўйича таклифни қўллашини кутмоқда.   Банкнинг вакиллари уни ўрганиб чиқишганига қарамай розиликларини ҳозирча беришмаган.

Муаллифлар: Адилет Абдирасул уулу, Шекербек Токтосун уулу

Муҳаррири: Элвира Акимова