Россия Қирғизистоннинг 240 млн доллар қарзини кечди

785

Россия президенти Владимир Путин Қирғизистоннинг 240 млн доллар қарзини кечиш бўйича протоколга қўл қўйди.

Путиннинг буйруғи Россиянинг ҳуқуқий маълумотлар порталида 5-февралда чиққан. Қарздан кечиш натижасида Қирғизистоннинг давлат қарздорлик миқдори 6,5 фоизга қисқарган.

«Молиявий томондан олиб қараганда, Россия учун Қирғизистоннинг қарзидан кечиш федерал бюджетга тушаётган даромадларнинг озайишига олиб келмайди, сабаби 2016-йилнинг 5-мартидан кейинги шартномага кўра, дебитордан Россиянинг фойдасига ҳеч қандай тўловлар кўрсатилган эмас», — дейилади  ҳужжатда.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев 2017-йилнинг февралида Россиянинг президентига қарздан кечиш бўйича мурожаат қилган. Апрель ойида ҳужжатга Россиянинг премьер-министри Дмитрий Медведев имзо қўйган.

Қирғизистонда 2017-йилнинг ноябрида қарзни ратификациялаш бўйича ҳужжатни Жогорку Кенеш қабул қилган, бир ойдан сўнг уни президент Сооронбай Жээнбеков имзолаган.

Қонунни 2012-йили Россия Қирғизистоннинг деярли 489 млн доллар қарзидан кечишга рози бўлгандан сўнг тайёрлашган.

Аввалги 188,9 млн долларни 2013-йили кечган. Қолган 300 млн долларни ўн йил ичида 2016-йилдан бошлаб 2025-йилларгача йил сайин 30 млн доллардан кечишни қарор қилишган.

Россия 2017-йилда Қирғизистоннинг 60 млн доллар қарзини кечган ва Қирғизистоннинг давлат қарзи 240 млн долларга қисқарган. Умумийси сўнгги 11 йилда Россия Қирғизистоннинг 703,2 млн доллар қарзини кечган.