Қозоғистон: Автобус ёнғинида 52 киши ҳалок бўлди

776

Қозоғистоннинг Ақтўбў вилоятидаги «Самара — Шимкент» йўлида кетаётган автобусдан ёнғин чиққан. Сўнгги маълумотларга кўра, ёнғиндан умумий 52 киши ҳалок бўлган, уларнинг ичидан беш киши омон қолган. Ҳалок бўлганлар Ўзбекистон фуқаролари бўлган.

Қирғизистон Ташқи ишлар министрлигининг (ТИМ) билдиришича, ҳалок бўлганлар орасида Қирғизистонликлар йўқ.

Қозоғистон ИИМнинг Фавқулотда ҳолатлар бўйича комитетининг вакили Руслан Иманкулов TengriNews нашрига автобус 18-январь куни маҳаллий вақт билан соат 10:30да ёниб кетганини айтди.

«Ikarus русумидаги йўловчи ташувчи автобус юриб кетаётганда ёна бошлаган. Автобусда икки ҳайдовчи ва 55 йўловчи бўлган», — деди Иманкулов.

Nur.kz нашрининг Фавқулотда ҳолатлар вилоят бошқармасининг маълумотига таяниб билдиришича, автобус йўловчилари Ўзбекистон фуқаролари бўлган.

Ёнғин чиққан ерда тезкор штаб тузилиб, ҳозирда жабрланганлар билан полиция ходимлари, қутқарувчилар, шифокорлар ва психологлар иш олиб боришяпти.