Ҳукуматнинг Жалолободдаги мухтор вакили ОАВларга қарши 10 млн сомлик даъво шикояти бермоқчи

534

Ҳукуматнинг Жалолобод вилоятидаги мухтор вакили Киянбек Сатибалдиев ОАВларига қарши 10 млн сомга даъво аризасини бермоқчи. Журналистлар унинг олий маълумоти ҳақидаги дипломни сотиб олган деган маълумотни тарқатишган.

Сатибалдиев ҳукуматнинг мухтор вакили 800 долларга диплом сотиб олган деб ёзган «КыргызТаймс» интернет-нашри билан судлашмоқчи. Кейинчалик нашр мақолани ўзгартирган.

Сатибалдиев «Азаттык» радиоси билан суҳбатда, унинг дипломи сохта деган маълумотни инкор қилган.

Унинг айтишича, айрим ОАВлари «бундай маълумотни тарқатиш билан кимларнингдир буюртмасини бажармоқда». Амалдор журналистлардан 10 млн сом талаб қилмоқчи.

«2014-йили Бишкекдаги Қирғиз миллий университетида иккинчи касбни эгаллаш мақсадида ўқишга топшириб, юрист касбига эга бўлдим», — деди Сатибалдиев

Сатибалдиевнинг айтишича, бу вақтгача у Жалолобод тижорий институтини тугатиб, ўша йили ўқув юртидан диплом олган — ўқув юртларининг архивларида тегишли ҳужжатлари бор.

Муаллиф: Рустам Халимов