Қалпоқни ҳимоя қилган фаоллар «БишкекПарк»дан 10 млн сом талаб қилди

611

Қалпоқни ҳимоя қилиб чиққан фаоллар «БишкекПарк» савдо марказининг яқинида митинг ўтказишди. Норозилик намойишига чиққанлар савдо маркази маъмуриятидан кечирим сўрашни шу билан бирга, болалар ва қариялар уйининг мухтожликлари учун 10 млн сом талаб қилишди.

Митинг 29-декабрда «БишкекПарк» савдо маркази ёнида бўлди. Йиғилган фаоллар савдо марказининг раҳбарияти миллий бош кийимни «масҳаралаган» деб ҳисоблашади.

Улар қалпоқни итга кийдирилишини «миллий қадриятни камситиш» деб ҳисоблашади. Фаолларнинг айтишича, «БишкекПарк» етакчилиги қирғизистонликлар олдида кечирим сўраб, қариялар ва болалар уйига 10 млн сом ўтказиши керак.

Митингчилар билдиришича, агар савдо марказининг дирекцияси шартларни бажаришмаса, унинг раҳбарияти «қонун олдида жиддий жавобгарликка тортилади». Бироқ «БишкекПарк» номидан митингчилар олдига ҳеч ким чиқмаган.

Декабрнинг охирида ижтимоий тармоқларда қалпоқ кийдирилган итнинг расми тарқаган.

Ит «БишкекПарк»да ўтган Dog’s Fashion Show – 2018 танловида иштирок этган.

Оқ қалпоқ куни ташаббусчиларидан бири, режиссер Рысбек Жабиров ўзининг фейсбук саҳифасида бош прокуратурага мурожаат қилган. У итга қалпоқ кийдириб, подиумга олиб чиққанларни жавобгарликка тортишга чақирган.

Фестивал ташкилотчилари иштирокчиларнинг костюмлари учун жавобгар эмасликларини айтиб, мода кўрсатиш — бу «шунчаки танлов» деб ҳисоблашади. Бироқ кейинчалик улар танловда қалпоқ кийдирилган итни чиқаришгани учун кечирим сўрашган.

Бир неча кундан кейин бу можаро парламентда муҳокама қилинган. Айрим депутлар итига қалпоқ кийдирган қиз «ҳурматсизлик» қилгани ва жавобгарликка тортилиши керак деб ҳисоблашган. Уларнинг фикрича, МХДҚ билан бош прокуратура бу масалани текшириб, ўлканинг «номусини сақлаш» керак.

Ҳар йили 5-мартда Қирғизистонда миллий қалпоқ куни нишонланади. Байрам тадбирларини ўтказиш ташаббусчиси кинорежиссер Ирисбек Жабиров бўлган. Жогорку Кенеш 2016-йилнинг 26-июнида миллий бош кийим куни байрам деб қабул қилинган.

Муаллиф: Рустам Халимов