Хитой ҳукумати Бишкек кўчаларини таъмирлашга 42 млн доллардан ортиқ грант ажратади. Ҳозирда шаҳар ҳукумати Хитой гранти ҳисобидан шаҳарнинг 49 кўчасини реконструкция қилмоқда.
Хитой ажратадиган маблағга узунлиги 74 чақиримни ташкил қилган Бишкек йўлларининг яна 60 қисмини реконструкция қилишга етади. Бу ёрдам «Бишкекнинг йўл тармоқларини ривожлантириш» бўйича лойиҳасининг иккинчи фазаси бўлади. Ҳозирча қайси кўчалар таъмирланиши номаълум.
Шаҳар ҳукумати 2016-йилдан бери умумий узунлиги 100 чақиримдан ортиқ шаҳар кўчаларини таъмирламоқда. Унда Хитой ҳукумати реконструкцияга деярли 73 млн доллар миқдорида грант берган.
Бишкек мэри Албек Ибраимов билдиришича, хитой грантига қурилган янги йўллар капитал таъмирсиз 10-15-йилга чидайди.
Айрим кўчаларда реконструкция ишлари йўл четидаги дарахтларнинг кесилишига қарши чиқишган маҳаллий яшовчилар ва экологларнинг норозилигини юзага келтирган.
Муаллиф: Рустам Халимов