Милиция Жалиловнинг кўп хотинлилик бўйича айтганларини текширмоқда

666

Бишкек ШИИБдан билдирилишича, собиқ муфтий Чубак Жалиловнинг кўп хотинлилик бўйича айтган сўзларини текшира бошлади. Жалилов ўзига иккинчи аёл олганини билдириб, бошқа эркакларни ҳам шундай қилишга чақирган.

Бишкек ШИИБнинг матбуот хизматидан «Клооп»нинг мухбирига билдирганидек, текширув 29 ноябрь кун кечида бошланган.

«Қандай вазият бўлмасин, уни ҳозирча жавобгарликка тортиш мумкин эмас, чунки шикоят йўқ. Харакатлар олиб борилмоқда, чунки кеча мониторингдан кейин мен  [Жалиловнинг сўзларини] қоғозга чоп эттириб, ШИИБнинг тергов бошқармасига рапорт билан мурожаат қилганман. Текширувлар давом этмоқда», — деб билдирди матбуот хизматининг катта нозири Мира Абдилдаева.

Бугун парламентнинг йиғинида уч депутат қўш хотинликка қарши чиқишди. ҚСДПнинг депутати   Элвира Сурабалдиева ҳуқуқ тартибот органларини Жалиловнинг оиласидаги зулм элементларини текширишни талаб қилиб, шунингдек, ҳукуматни собиқ муфтийнинг очиқ баёнотига диққат қилишга чақирди.

Собиқ муфтийнинг қўш никоҳи

Қирғизистоннинг собиқ муфтийи Чуба ҳожи Жалилов ўзининг YouTubeдаги «Насаат медиа» каналида иккинчи аёлга уйланганини билдириб, эркакларни ҳам ўзига эргашишга даъват қилган.

«Мен уйландим, бироқ ажрашмадим. Аёлим бироз хафа бўлмоқда. Бироқ ҳаммаси изига тушади деб ўйлайман. [...] Уйланиш ниятим йўқ эди, ўзим элга намуна бўлайин, агар мен бошламасам ким бошлайди деб уйландим. Имкони бор эркакларга уйлансин деб айтаман. Агар турмуш ўртоғингизнинг иккинчи хотин олишга имкони бор бўлса, бир оз йиғланг, бироқ кўчага чиқиб жиннилик қилманглар. Бу бизни халқимизнинг урфида бор масала», — деб билдирди у.

Қирғизистоннинг мусулмонлар диний бошқармасидан Жалиловнинг билдирувига изоҳ беришдан бош тортишган.

Унинг билдируви ҳуқуқ ҳимоячиларининг танқидларига сабаб бўлган. «Кылым шамы» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг етакчиси Азиза Абдирасулова ўзининг фейсбук саҳифасида  Жалиловнинг сўзларига ҳуқуқий баҳо берилиши учун Бишкек прокуратурасига мурожаат қилишини ёзган.

«Мутакалим» жамоат диний ташкилотининг бошчиси Жамал Фронтбек қизининг айтишича, президент аппарати ва парламент Жалиловнинг билдирувига эътибор қаратиши керак.

Қирғизистоннинг Жиноят-жазо кодексига кўра, кўп хотинлилик учун икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган.

Муаллиф: Рустам Халимов