Собиқ бош прокурор Аида Салянованинг укаси отиб кетилди

900

Парламент депутати ва собиқ бош прокурор Аида Салянованинг укаси Улан Салянов ўз уйида 6 ноябрга ўтар кечаси отиб кетилган.

Воқеа 6 ноябрга ўтар кечаси таҳминан соат 2:20ларда  Саляновнинг Бишкекни Достоевский кўчасидаги ўз уйида бўлган. Депутатнинг 42 ёшдаги укаси “ниқобли номаълум шахсларнинг” отган ўқи сабабли ярадор бўлиб, вафот этган.

«Бу воқеалар Жогорку Кенешнинг депутати Аида Салянованинг хавфсизлиги ҳамда ҳаёти хавф остида эканини кўрсатиб турибди» — деб ёзган депутатнинг адвокати Улан Жумаков.

«Азаттык» радиоси милиция ҳозирда Саляновнинг рафиқаси билан унинг фарзандларини сўроқ қилаётганини ёзмоқда.

Яқинларининг айтишича, уйга ниқобли 4-5 киши кириб, пул талаб қила бошлаган  — Салянов улар билан талаша бошлаган, натижада унга ўқ отилган.

Аввалров марҳумнинг 17 ёшли фарзанди ўғирлангани билдирилган, лекин кейинчалик бу маълумот тасдиқланмаган  — ўсмир ўқ отилган вақтда уйдан югуриб чиққан.

Жумаков депутатнинг укасига ҳужум қилиниши Салянованинг олдинги бош прокурорлик хизмати билан боғлиқ деган фикрини айтиб, Қирғизистон ҳукумати ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитасини (МХДҚ) Салянованинг хавфсизлигини таъминлашга чақирди.

«[…] Аида Салянова бош прокурорлик вақтида уюшган жиноий гуруҳларга ҳамда криминалга қарши фаол кураш олиб борганини айтиб ўтиш зарур. Ўшанда бир йил ичида жиноий гуруҳлар йўқ қилиниб, уларнинг лидерлари ўлкадан чиқиб кетишган эди», — деб ёзган адвокат фэйсбукда.

 

Ҳозирда воқеа жойида Аламудун ва Октябрь район милициясининг бўлимлари иш олиб бормоқда.  «Азаттык»нинг журналистларига жиноят жойида тасвирга олишни таъқиқлашди.

Аида Салянова — ҳозирда «Ата Мекен» фракциясидан депутат — 2011-йилдан бошлаб 2015-йилга қадар тўрт йил давомида Қирғизистоннинг бош прокурорлик хизматини бажарган.

У ўз хизматидан президент Алмазбек Атамбаев билан бўлган келишмовчиликлар сабаб кетган, кейинчалик Салянова ўлка раҳбарининг энг асосий рақибларидан бири Омурбек Текебаевнинг «Ата Мекен» муҳолиф фракциясига қўшилгандан кейин бу келишмовчиликлар кучайган.

Айни пайтда Саляновага қарши аввал юстиция минстри бўлиб турган вақтда қулатилган президент Курманбек Бакиевнинг фарзанди Максим Бакиевдин юристи Алексей Елисеевнинг адвокатлик лицензиясини чўзиб берганлиги учун суд жараёнлари ўтмоқда.

Муаллиф: Эльдияр Арикбаев

Сурат: Бакит Асанов.