Тожикистон расмийлари SMS орқали фуқароларни миллий либос кийишга чақирмоқда

642

Тожикистондаги мобил операторларинг абонентлари 6 сентябрь куни эрталаб ноодатий SMS-хабар олишди. Хабарда аҳолига фақат миллий либос кийиш чақириғи бор. Тожикистон ҳукумати қошидаги Хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича қўмита SMS-хабар қўмита илтимосига биноан юборилганини тасдиқлади.

"Биз «Таджиктелеком» компанияси ва бошқа мобил алоқа операторлари раҳбариятига расмий хат юбориб, “Анъана ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида”ги қонунни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ўз мижозларига SMS-хабар юборишларини сўрадик. Бу қонунга биноан мамлакат фуқаролари миллий маданият кўринишлари (давлат тилини билиш, миллий либос кийиш)га риоя этишлари керак”, - дейди қўмита вакили Маҳбуба Азимова.

«Миллий кийим кийиш мажбурий!», «Миллий либосни хурмат қилинг», «Келинглар, миллий либосимизни яхши анъанага айлантирайлик”- каби SMS-хабарларини 6 миллиондан ортиқ мобил телефонларининг фойдаланувчилари олди.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон парламентининг қуйи палатаси 23 август куни “Анъана ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга қўшимча ва ўзгартишлар киритди. Қонунга кўра, мамлакат фуқаролари миллий либос кийишлари мажбурий қилиб қўйилди. «Жисмоний ва юридик шахслар миллий маданият атрибутларига риоя этишлари мажбур – давлат тилини билишлари ва миллий либос кийишлари лозим», - дейилади мазкур қонуннинг 14 модддаси 4 қисм 1 бандида.

Бундан аввал Тожикистон давлат идораларининг ходимлари мамлакат пойтахтида ҳижобда бўлган 8 мингга яқин хотин-қизлар билан профилактик суҳбатларни ўтказган эди. Хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича қўмита, Дин ишлари бўйича қўмита, ИИВ ва бошқа идоралар вакиллари кирган Ишчи гуруҳ хотин-қизларга ҳижоб, сатра ва салла тожиклар анъаналарига ёт эканлигини тушунтиришди.