Бишкек мэри Албек Ибраимов Хитой гранти асосида қурилган янги йўллар капитал таъмирсиз 10-15 йилгача хизмат қилишини билдирди.
Ибраимов журналистлар билан бўлган учрашувда йўлларнинг ярмини 2017-йилнинг октябригача, қолгани келаси йили битишини билдирди.
Мэрнинг айтишича, шаҳар бюджетидан яна 51 кўчани таъмирлаш учун 604 миллион сом бўлинган.
«Биз учун энг асосийси қурилиш мавсуми узоқ бўлгани яхши. Агар қиш эрта келса, қайсидир ишларни бажаролмай қоламиз. Совуқда ва ёғингарчиликда асфаль тўшаб бўлмайди», — деди Ибраимов.
Мэр Фрунзе ва Торокул Айтматов кўчаларининг кесилишида кўприк қуриш билан пойтахтнинг Чуй ва Ипак Йўли кўчаларидаги тирбандликларни бартараф қилишга ваъда берди.
«Жуда катта бўшатиш бўлади. Йўлнинг кенглиги 11,5 метрни ташкил қилади. Бу йил Айтматов кўчаси Салиев кўчасигача узайтирилиб, келажакда Ипак Йўлигача боради», — деди у.
Ибраимовнинг айтишича, йўлларни қуриш кўплаган инфраструктура масалаларига сабаб бўлди, чунки ариқларни, эски канализация ва сув қувурларини янгилашга тўғри келди.
«Симёғочларга кабелларни ўрнатяпмиз. Ёруғлик ҳам бўлади, аниқроқ айтганда тўлиқ жонлантириш ишлари бормоқда», — деди мэр.
Ибраимовнинг айтишича, кўприк қуришда режага кирган икки ер участкаларида муаммоли масала яралди. Мэр мазкур ер участкаларининг эгаларига ҳун тўлаб беришни ваъда қилди.
Хитой Бишкекнинг 49 кўчасидаги йўлларнинг 90 чақиримини таъмирлашга тўрт миллиард сомдан ортиқ маблағ ажратган.
Айрим кўчалардаги таъмирлаш ишлари маҳаллий турғунларнинг норозилигига сабаб бўлди, улар йўл четидаги дарахтларнинг кесилишига қарши чиқишган.
Муаллиф: Александра Титова