Ўш: Террор ҳодисасини режалаштирганликда гумонланувчи қўлга олинди

667

Ўшда 22 ёшли фуқаро ушланди. У Сурия-Ироқ ҳудудларидаги қуроли можароларда иштирок этганликда гумон қилинмоқда. Гумондорнинг турар-жойи тинтув қилинганида у ердан катта миқдорда экстремистик руҳдаги материаллар топилди.

ИИВ матбуот хизмати маълумотларига кўра, ҳибсга олинган шахс ҳалқаро террор ташкилотининг аъзоси бўлиб, ИШИДнинг Сурия ҳудудларидаги лагерларида жанговор-қўпорувчилик тайёргарликдан ўтган.

Тинтув вақтида уйидан араб ва ўзбек тилларида фото ва аудиоёзувлар, видеоматериаллар, дисклар, китоблар, варақалар топилган. Шунингдек, унинг террор фаолияти ва экстремистик гуруҳлар билан алоқасини тасдиқловчи айрим ҳужжатлар ва мулоқотлар ёзувлари қўлга туширилди. Иккита РГД-5 портловчи граната ҳам топилди.

Ўш ички ишлар бошқармаси маълумотларига кўра, Сурия-Ироқ ҳудудларидаги қуролли можароларда иштирок этган қўлга олинган фуқаро террор ташкилотининг ғояларини тарғиб қилиб келган ва экстремистик руҳдаги материалларни тарқатган. Жанубий минтақада террор ҳодисаларини уюштиришни режалаштирган.

Ҳибсга олинган шахс Вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди. Тергов давом этмоқда.

Муаллиф: Алмаз Эшбаев