Тайирбек Сарпашевнинг истеъфога чиқиши ортидан Давлат рўйхатга олиш хизматига 30 ёшли Дастан Догоев раҳбар этиб тайинланди. Аввал у ДРХнинг раҳбар ўринбосари бўлиб ишлаган.
Догоев Қирғизистон ва Буюк Британияда олий таълим олгач, бир қатор халқаро ташкилотларда, молия институтида фаолият олиб борган. Охирги уч йил давомида эса ДРХда раҳбар ўринбосари лавозимида ишлаган.
ДРХнинг аввалги етакчиси Тайирбек Сарпашев июнь ойининг ўрталарида истеъфога чиққан. Олдинроқ унга нисбатан жиноий иш қўзғатилган эди.
Сарпашев текширувларга кўра Максим Бакиевга тегишли бўлган Скрябин 45-45а манзилида жойлашган кўчмас мулкдан ҳибсни «ноқонуний» олганликда айбланган.
Кейинчалик Сарпашевга “Ҳизмат вазифасини суистеъмол қилиш” бўйича яна бир жиноий иш очилган.
Тергов хулосаларига кўра, У 2013-йили вице-премьер-министр бўлган вақтда тендерни бошқа компания ютиб олганига қарамасдан туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг 40 минг бланкасини «Учқун» нашриётидан сотиб олиш бўйича ноқонуний буйруқ берган деб айтилади.
Бланклар яроқсиз бўлиб чиққан: туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг микроматнида «Никоҳи тўғрисидаги гувоҳнома» деган ёзув бўлган.
Бироқ МХДҚ жиноят аломатлари топилмагани сабабли бу ишни тўхтатган.
Сарпашевнинг ўзи эса бу икки жиноят бўйича ҳам ўзини айбсиз эканини айтиб келган.
Тайирбек Сарпашев давлат рўйхатга олиш хизматига 2015-йил ноябридан бери раҳбарлик қилган. У сайловда овоз бериш учун биометрик маълумотларни киритиш бўйича халқ вакиллари томонидан бир неча танқидларга учраган.
Муаллиф: Айдай Иргебаева