Дин арбоблари кўп хотинлик масаласини яна кун тартибига олиб чиқишди

5262

Шу кунларда кўп хотин олиш масаласи ижтимоий тармоқларда қайта қизғин муҳокама тушди. Бунга айрим дин арбобларининг кўп аёл олишга чақирган навбатдаги видеоси сабаб бўлди. Қирғизистоннинг қонунлари кўп хотин олишни таъқиқлайди.

Мақоланинг асл нусхаси «Азаттык» радиосининг сайтига чиққан.

Ижтимоий тармоқларни "портлатган" баёнот

Бу сафар Чубак ҳожи Жалилов билан Озубек ҳожи Чотоновнинг кўп хотин олишга бағишланган фикрлари муҳокамага сабаб бўлди. Видеолавҳада ҳожилар кўп хотин олишга чақириб, буни фоҳишаликни камайтириш, ёлғиз, камбағал яшаган аёлларнинг муаммоларини ҳал қилувчи савоб иш қатори сифатлашди:

- Уйланиш керак. Икки-уч-тўрт... Шароити тўғри келганларнинг ҳаммаси олиши керак. Кимни қўлида бўлса олсин. Ўшалар боқсин. Асосийси аёл боқилиши керак, ёшлигида ота-онаси, кейин куёви, кейин болалари тарафидан, - деди Озубек ҳожи Чотонов.

Интернет фойдаланувчилари орасида кўп хотин олишни аёллар орасида қўллаганлар ҳам чиқди. Қаршилар орасида кўп хотин оламан деган эркак ҳеч қачон фоҳишани ёки камбағалликда яшаётган кўп болали аёлни хотинликка олмаслигини айтганлар бўлмоқда. Ёзувчи, журналист Олжобай Шакир “Фейсбук” саҳифасига имомларнинг даражаси шу масаладан юқори кўтарила олмай қолганини танқид қилиб ёзди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва фуқаровий фаоллар диний соҳада ўз таъсир доирасига эга деб ҳисобланувчи шахслар томонидан мазкур масала вақти-вақти билан кўтарилаётганини кескин танқид қилишди. Аёлларнинг ҳуқуқи бўйича фуқаровий фаол Сумсарбек Оббо шундай деди:

- 21-асрда шундай масалани муҳокама қилганимиз жуда ачинарли. Бошқа ўлкалар ривожланиш йўлида борса, бизни қадимги даврга судрашмоқда. Бу жамиятдан балл олиш мақсадидаги айримларнинг популистик фикри.

Ҳожиларнинг муҳокамаси Назира Бегим номли фаолнинг ташаббуси билан ўтказилган. У Фейсбук саҳифасида кўп хотин олишни қонунийлаштириш керак деган таклифни кўпдан бери ёзиб келади. Турмушга чиқмаган Назиранинг ўзи ҳам иккинчи хотин бўлиб тегишга тайёр эканлигини айтмоқда.

- Мендан бу вақтгача кўп марта сўрашган. Агар пешонамга ёзилган бўлса, албатта розиман. Буни ҳеч қандай ёмон жойи йўқ. Қонунийлаштирсак, халқнинг барчаси иккита хотин олади дегани эмас. Бугунги кунда иккинчи хотин бўлиб тегиб, бироқ ҳуқуқи ҳимоя қилинмаётганлар кўп. Масалан, 10-15 йилдан бери яшаб, болали бўлиб, бироқ буни ошкор қилолмайди. Фарзандларга ҳужжат олишмайди.

Бахтини бошқадан излаган қизлар

Мана шундай қизларни ўзи иккинчи хотин бўлиб тегишга рози бўлаётганига аёлларнинг ҳуқуқи масаласидаги саводсизлиги сабаб эканлигини айтади феминист Гулайим Айилчи:

- Мен иймон, оила мустаҳкамлиги деган одамлар шу саволни нимага кўтаришини тушунмайман. Қизларнинг рози бўлиши эса бу билимсизлик ва ўзига ишонмаслик. Улар бу ҳаётда турмушга чиққанларгина одам қатори яшай олади деб ўйлашади. Уларнинг билим даражасини кўтариб, ўзини ривожлантиришга шароит яратиб бериши керак. Уларни аёл турмушга чиқиши билан бахтли бўла олади деган фикрини ўзгартириши керак. Бу жамиятнинг ҳам босими. Ота-онаси, яқинлари, қариндошлари қизларга "сен турмушга чиқишинг керак, куёвинг бой бўлиши керак" дейишади. демак, уларни бахтли бўлиши эмас, куёвининг ҳолати қизиқтиради. Катта уйи, автомашинаси, хизмат ҳолати аҳамиятли. Ҳозирда бизнинг  қизлар қадриятни нотўғри баҳолашади.

Жогорку Кенеш депутати Элвира Сурабалдиева кўп хотин олишга кескин қарши чиққан сиёсатчилардан бири. У кўп хотин олишга йўл берилаётганини уларнинг иқтисодий қарамлигида деб билади.

- Мен бунга умуман қаршиман. Бизни аёлларга фақатгина ҳуқуқларини ўргатмасдан, иқтисодий ҳолатини мустақил мустаҳкамлашга шароит яратиб беришимиз керак. Тадбиркор, бошқаларга тобе бўлмаган аёлларни кўпайтириш билан бирга иккинчи хотин бўлишга рози бўлган қизларни камайтира оламиз. Бизни ўлкада эса фоҳишалар кўпайиб кетди, буни тўхтатиш учун кўп хотин олишни қонунийлаштириш керак дейишни ўзи аёлларни камситишдир. Фоҳишаларга талаб бўлмаса улар ҳам камаяди.

Қирғизистонда кўп хотин олиш қонунан таъқиқланади. Шундай бўлса ҳам, қирғиз жамиятида қайси бир депутатнинг, амалдорнинг ёки тадбиркорнинг нечта аёли бор экани тўғрисида гаплар айтилади. бироқ бирор бир қонун доирасида жазо қўлланган ҳолатлар бўлмаган.

"Бир хил муносабатда бўлиш қийин"

Масалан, Ўш шаҳрининг турғуни Дилмурод Ишанов бир неча йилдан бери икки хотин билан яшайди. Бироқ улар бир уйда яшамайди. Дилмурод бошида икки аёлининг орасида келишмовчиликлар бўлганини яширмайди. У иккинчисини савоб иш қатори ёлғиз қолган, турмушда қийналган аёлни олганини айтиб ишонтирмоқда.

- Бошида улар рақобатлашарди. Ҳозир ундай эмас, аксинча, эртага наригисига боринг деб туради. Мен, дўстларим ҳам ажрашган, эри вафот этганларини оламиз. Биз уларни қўллаяпмиз.

Иккинчи хотин бўлиш азобини бошидан ўтказиб, кризис марказларининг бирига мурожаат қилган, номини айтгиси келмаган аёл қуйидагиларни айтди:

- Аввалги куёвим билан ажрашиб кетганман. Кейинчалик у билан учрашиб қолдим. Бошида аёли бор эканлигини айтмай келиб юрган. Турмуш қурамиз деган вақтда хотини борлигини билиб қолдим. Хотини ҳам мен билан сўзлашиб юрганини билибди. Эшитиб хотини жанжал кўтарди, мен ҳам жуда ёмон аҳволга тушдим. Уни фарзанди бор экан. Шундай қилиб иккимиз билан ҳам яшай бошлади. Мени қариндошларимга уят бўлмайлик деб, кичик тўй маросимини ўтказдик. Бир йил яшадик. икки аёл билан бўлмас экан деб кетиб қолди. Мени ундан бир болам бор. Бир йил давомида ҳам тўлақонли оила бўлиб яшолмадик. Бир куни нариги аёлига кетади, у билан урушиб қолса, менга келади. Шундай қилиб ажрашиб тиндим. Эркакларнинг иккинчи хотинни боққани боқади, бироқ тўлиқ оила бўлолмайсан. Расмий никоҳдан ўтмаган эдим. Боламга ҳужжат ололмаяпман.

Ҳуқуқ ҳимоячилари икки хотин олганлар учун қонунни мураккаблаштириш ташаббусини тез-тез кўтариб, натижа чиқара олишмаяпти. Уларнинг фикрича, жамоатчиликни аёл ҳуқуқларига аҳамият бермаслиги, аёлларнинг ўзларининг оила институтини қуриш тўғрисидаги саводини пастлиги ҳам кўп хотин олиш масаласини тез-тез кўтарилишига туртки бўлмокда. Бунинг натижасида аёллар билан болалар кўпроқ жабрланаётганини кризис марказларига мурожаат қилган аёлларнинг кўплиги исботлайди. Ўшдаги “Ак журок” кризис марказининг етакчиси Дарика Асилбашева:

- Биринчи хотин устига иккинчисини олганлар кўп. Аёллар бундай вазиятда қандай ҳолатда бўлишади? Кучли руҳий жабр кўришади. Кейин бу аёлнинг билими ҳам йўқ, уй-жойи, иши йўқ болалари билан кўчада қолади. Бу ерда болаларнинг ҳам ҳуқуқи топталяпти. Болалар қаровсиз қолади. Икки хотин олган эркакнинг оз фоизи уларни боқа олади. Менман деган эркаклар ҳам иккисини тенг шароитда ушлай олмайди.

Кўп хотин олиш ташаббусини Қирғизистонда биринчи марта 2005-йили юстиция министри Марат Кайипов кўтарган. Унда жамоатчиликнинг кескин қаршилигига учраб, бу ўйнашликни қонунийлаштириш ҳаракати деб, ўша вақтдаги айрим амалдорларнинг манфаатига боғлаб, айблаганлар бўлган.