150 минг сомга зиёфат уюштиргани учун агентлик етакчисига хайфсан берилди

768

Сармояларни жалб қилиш бўйича давлат  агентлигининг етакчиси Алимбек Орозбеков хорижий делегация билан 150 минг сомга овқатланган. Агентликнинг бухгалтерияси учрашувда премьер-министр ҳам бўлганини ҳисоботда кўрсатган. Бироқ ҳукумат раҳбари бу ерда бўлмаганлиги сабабли Орозбековга нисбатан ҳайфсан эълон қилган.

Сармоя бўйича давлат агентлигининг директори Алимбек Орозбеков чет эллик делегацияга ўтган йилнинг октябрида «Супара» этнографик комплексида кечки овқатни ташкил қилган.

Делегацияга уюштирилган кечки овқат ҳукуматга 150 минг сомга тушган.

Қирғиз ОАВлари агентликнинг ҳисоботига иқтибос қилиб, учрашувда премьер-министр Сооронбай Жээнбеков ҳам бўлганини ёзган.

Бироқ ҳукумат хизмат текширувини олиб бориб, натижада Жээнбеков кечки таомга бормаганини билдирди. Текширув ишлари саккиз ой давом этган.

Натижада премьер-министр Орозбековга ҳайфсан эълон қилиниб, бош ҳисобчини «бухгалтерлик ҳужжатларни асоссиз тўлдиргани» учун хизматдан олган.

Сарфланган маблағнинг миқдорига ҳукумат томонидан даъво бўлмаган.

Муаллиф: Нуржамал Жанибекова

Сурат: «Тазабек»