Миграция: Нима учун айрим оналар болаларидан воз кечмоқда?

952

Сўнги беш-олти йилда Қирғизистонга Россияда ишлаган муҳожир оналар ташлаган болаларнинг 63 нафари олиб келинди. Уларнинг саккизини ўз буви-боболари асраб олса, қолгани болалар уйига ўтказилди.

Мақоланинг асл нусхаси Азаттык» радисининг сайтига чиққан.

Жазгул - боласидан бош тортиб, туғруқхонага ташалб кетган муҳожир оналардан бири. Йигирма ёшдаги қиз икки йил аввалги воқеани эслагиси ҳам келмайди. мактабни янги тамомлаб, Москвага ишлагани келган қиз тақдирнинг қийин синовига учраганини айтди.

- Ота-онам боламни қабул қилмас эди, шунинг учун туғруқхонага ташлаб кетганман. Боламни нима бўлганини билмайман, ҳаёти тўғрисида хабарим йўқ. Ота-онамга ёрдам бераман деб Москвага келганман. Онам ишламайди. Отамнинг топгани эса ҳеч нарсага етмайди. Бу ерда бир йигитни учратиб, бирга яшадик. Фарзандли бўламиз деган фикр йўқ эди. Туққанимдан кейин у мени ташалб кетди, мен эса ёлғиз боқишдан қўрқиб, боладан бош тортдим.

2011-йилдан бери меҳнат ва ижитмоий ривожлантириш министрлиги оналари бош тортган 63 болани Қирғизистонга олиб келган. Уларнинг кўпчилиги - никоҳсиз туғилиб, Россиядаги туғруқхоналардан Қирғизистон элчилигига ўтказиб берилганлари.

Ўтган йили 13 бола, 2017-йилнинг тўрт ойида тўрт бола олиб келинган. Кўпчилиги Москва, Красноярск, Новосибирск шаҳарларидан. Меҳнат муҳожирлари кўп борган бошқа рус шаҳарларида ҳам гўдаклардан бош тортиш фактлари бор, бироқ аниқ статистика бу вақтгача тайёрланган эмас.

Мутахассислар оналарнинг ўз боласини ташлаб кетишини турмуш сабаблари билан тушунтиришади. Москвадаги "Ваш доктор" тиббий марказида ишлаган акушер-гинеколог Гулмира Эралиева:

- Қизлар кўпинча ишлагани ёлғиз келишади. Куёвлари йўқ. Бу ерда алданиб қолиб, болаларини ташлашга мажбур бўлишади. Менга бир қиз мурожаат қилганда, мен унга ота-онангга айт, болангни сақлаб қол деб базўр кўндирганман. Тўлақонли оилалар бундай қадамга бормайди.

2014-йили ишга кирган ҳукумат қарорига кўра, муҳожирлар болаларини олиб келиш учун ижтимоий ривожлантириш министрлигига ҳар йили бир ярим миллион сом атрофида пул ажратилади. Бу маблағ гўдакларнинг ота-оналарини қидиришга ёки уларни асраб олувчи бошқа оилаларни топиш ишларига сарфланади. Беш йил ичида олиб келинган 63 боланинг саккизигина ўз оиласига ўтказиб берилиб, 37 нафари суд қарори билан боқувчи ота-оналарнинг қарамоғида, қолгани ҳозирда болалар уйида тарбияланишмоқда. Уларнинг орасида турли ташҳислар билан имконияти чекланган болалар ҳам йўқ эмас.

Министрликнинг оила ва болалар билан ишлаш бўлимининг асосий мутахассиси Назгул Чолумова бундай болаларни аввал ўз қариндошларига қайтариш - асосий манфаат эканлигини айтди:

- Боласини ташлаб кетган оналарнинг ҳужжатлари асосида Қирғизистондан уларнинг қариндошларини қидирамиз. Туққан оналари топилмаса ҳам, уларнинг бувиси, бобоси топилади. Буларнинг барчаси яширин олиб борилади, сабаби қариндошлари воқеани кўпчилик билишини исташмайди. айрим ота-оналар ташлаган болаларини боқиб олмаса, қолгани деярли бош тортади. Агар қизимиз хоҳламаса, биз ҳам боқолмаймиз деб тушунтиришади.

Чолумова миграцияга отланган аёлларга чет ўлкага чиқишдан аввал оилани бебаҳолиги, она жавобгарлиги тўғрисида маълумот беришни таклиф қилади:

- Муҳожирларга кўпинча қандай иш топиш керак, иш шартномаси, меҳнат қонунлари тўғрисида маълумот берилади. Менимча, шу билан бирга қизларга турли вазиятлар бўлишини, болага бўлган жавобгарликни ҳам тушунтириш керак.

Ҳозирда муҳожирлар орасида болани ташлашни камайтириш бўйича комплекс чоралар кўрилмаган.

Жогорку Кенешнинг аввалги чақирилишида 22 ёшгача бўлган қизларни ўлкадан чиқармаслик бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ташаббуси кўтарилиб, бироқ жамоатчиликнинг танқидига учраган.