Мэрия бишкекликка тешилган шинаси учун 2300 сом тўлаб берди

679

Бишкек турғуни Бактибек Абдуллаев тешилган ғилдираги учун мэриядан пул ундириб олди. Унинг автомашинасининг ғилдираги таъмирланаётган йўлдаги тошлар сабабли ёрилган.

2017-йилнинг 10-мартида кечга томон Бишкек яшовчиси Бактибек Абдуллаев Панфилов кўчасида кетаётиб, унинг автомашинаси йўлда ётган тошларни босган. Натижада автомашинанинг бир ғилдираги ёрилиб кетган.

Абдуллаев бу ерда таъмирлаш ишлари бўлаётганини, бироқ буни огоҳлантирган белгиларни кўрмаганини айтиб берди. У зарарни ундириб олиш учун мэрияга мурожаат қилиб, бироқ мэрия бундан бош тортган.

«Биринчисида мен ўзим рулда эътиборсиз ўтирганим тўғрисида гап эшитдим. Кейин муниципалитетга ариза ёзиб, «Бишкекасфальтсервис» хавфсизлик қоидаларини сақламасдан ишлаётганини кўрсатдим. 30-мартда мэрия комиссияси тузилиб, у менга келтирилган зарарни тўлаб бериш тўғрисида қарор чиқарди», — дейди у.

Бироқ қарор бажарилмаган. Кейин Абдуллаев мэр Албек Ибраимов билан интернет орқали боғланишга ҳаракат қилган. Унга мэр бу масаладан хабардор эканлиги айтилган. Зарарни тўлаш тўғрисидаги хат Абдуллаевга 21-апрелда келган, бироқ у пул ололмаган.

Шунда Абдуллаев мэрияга учинчи марта — 2017-йилнинг 13-майида мурожаат қилган. Тўрт кундан кейин унга 2300 сом тўлаб беришган.

«Бишкекасфальтсервис»нинг раҳбари Мирлан Амантуров мэрия Абдуллаевга ҳақиқатдан ҳам пул тўлаб берганини тасдиқлади. Бироқ барча хавфсизлик қоидалари сақланганини билдирди.

«Биз жойларга йўл белгиларини қўйганмиз. У ўша таъмирлаш ишлари бўлаётган жойга кириб борган. Унинг ўзини ҳам айби бор десак бўлади», — деди Амантуров.

Муаллиф: Метин Жумагулов