Иссиқкўл: "Сказка" дарасида россиялик сайёҳга қурол билан таҳдид қилинган

553

Москвалик Евгений Дияновни «Сказка» ҳудудига кириш учун ҳақ тўлашдан бош тортгани учун қурол билан қўрқитишган. Воқеага сайёҳлар гувоҳ бўлган.

Россиялик сайёҳ Евгений Диянов воқеа тўғрисида 24.kg нашрига айтиб берган. Диянов қиз дўсти билан дарага келиб, тўсиққа дуч келишган.

Тўсиқни назорат қилиб ўтирган одам сайёҳларга кириш учун киши бошига 50 сомдан тўлаш керак эканлигини айтган. Диянов нима асосида пул йиғаётганини сўраб, ҳужжатларини кўрсатишини талаб қилган.

«Кейин улар мени BMW автомашинаси томон олиб бориб, юкхонани очиб, милтиқни кўрсатишди. Кейин "яна саволлар борми" деб сўради. Улар икки киши эди», — деган сайёҳ.

Дияновнинг сўзларига кўра, уни қўрқитиб, «ҳудудга кирса бўлишини, бироқ унинг хавфсизлигига жавоб бермасликларини» айтишган. Ўзининг ва ёнидаги дўстининг хавфсизлигини ўйлаб, ҳақ тўлаган ва икки  квитанцияси олган.

«Мен табиат билан ўлкага лол қолдим. Бу воқеа эса олган барча таассуротларимизни ювиб кетди. Ростини айтсам, бундай нарсаларни 90-йиллардан бери учратган эмас эдим. У ерда кичик автобусда келган бошқа сайёҳлар ҳам бор эди. Улар бунинг барчасини кўришди», — деган у.

Милиция сайёҳларни қўрқитган икки кишининг манзилини аниқлади. Улар 26 ёшдаги Айбек Кубаничбек ўғли билан 16 ёшдаги Самат Жумаев бўлган.

Уларнинг сўзларига кўра, даранинг ҳудуди Абай Тунгатаров деган кишига етти йилга ижарага берилган. Иссиқкўл вилояти ИИБи давлат органларига «Сказка» ҳудудига кириш учун пул олишнинг қонунийлигини аниқлаш учун сўров жўнатган.

Кубаничбек ўғли билан Жумаев Тунгатаровнинг қўл остида тўрт йилдан бери оғзаки шартнома асосида ёзда ишлашади. Улар ҳеч кимни қўрқитишмаганини айтишган. Уларнинг ёнидан чиндан ҳам қурол-яроқ топилиб, бироқ у ўқ отувчи эмас, пневматик бўлган. Қурол суд-баллистик экспертизага жўнатилган.

2016-йили сайёҳлик мавсуми бошланганда россиялик сайёҳлар тўнашларга ва маҳаллий турғунлар билан келишмовчиликларга учраган ҳолатлар бўлган.

Ўтган йили июль ойининг бошида Россиядан келган эр-хотинни Тоқмоқ йўлида собиқ милиционерлар тўнаб кетишган. Патруль милициясининг ходимлари деб таништирганлар сайёҳларнинг 1000 долларини ўғирлаб кетишган.

Яна бир россиялик турист машинасининг орқа ойнасини маҳаллий турғунлар синдирган. Унда чет элликлар Чолпон-Отадаги автотўхташ жойига ортиқча пул тўлашдан бош тортишган эди.

Маданият министрлиги қошидаги Туризм департаментининг маълумоти бўйича Қирғизистонга ҳар йили турли ўлкалардан бир миллиондон ортиқ сайёҳ келади. Уларнинг кўпчилиги Қозоғистон ва Россиядан келишади. Қозоғистондан келган сайёҳларнинг сони умумий туристларнинг деярли 80 фоизини, россияликлар эса — 14 фоизини ташкил қилади.

Муаллиф: Александра Титова