Бозор-Қўрғон: Текебаевнинг тарафдорлари икки кун давомида Бишкек-Ўш йўлида митинг ўтказишди

647

Жалолобод вилояти Бозор-Қўрғон районининг Акман қишлоғида қамоқдаги муҳолифатчи Омурбек Текебаевнинг тарафдорлари Бишкек-Ўш йўлининг бўйида пиёда юриш ўтказишди.

Текебаевнинг тарафдорлари Бозор-Қўрғон районининг Акман қишлоғида 6- ва 7-апрелда депутат Омурбек Текебаевни қўллаб митингга чиқишди. Акман қишлоғи — муҳолифатчининг туғилган жойи.

«Ата Мекен» партиясининг вакили Алмаз Мустапакулов акция иштирокчиларининг асосий талаби — сиёсий тутқунларни, унинг ичида Текебаевни бўшатиш эканлигини айтди.

Унинг сўзларига кўра, 6-апрелдаги пиёда юришга 100га яқин киши иштирок этишди. Улар Бишкек-Ўш йшли билан Жалолобод томон икки чақирим йўл юришди.

Айримларининг қўлида «Ҳукумат, ўзингни ўйламай элни ўйла», «Текебаевдан қўлингни торт» ва «Атамбаев, қонунни бузма» деган шиорлар бўлган.

«Барчаси тинч ўтди. Йўл ёпилмади, ҳеч ким тартибни бузмади», — деди у.

Норозилик намойиши иштирокчилари милиция назоратида бўлди.

Бугунги митингга 20га яқин киши йиғилиб, бўз уйларнинг ёнида шиорлар билан муҳолифатчини бўшатишни талаб қилишмоқда.

Акмандаги муддатсиз митинглар Омурбек Текебаевни қўлга олиниши сабабли бошланган ва бир ойдан ортиқ вақтдан бери давом этиоқда. Бишкек-Ўш йўлининг бўйида икки бўз уй тикилган.

Текебаевнинг қўлга олиниши

Омурбек Текебаев 26-февралга ўтар кечаси «Манас» ҳаво майдонида қўлга олинган. Ундан бир кун аввал сиёсатчига қарши россиялик тадбиркор Леонид Маевскийнинг аризаси туфайли «Товламачилик» ва «Порахўрлик» моддалари бўйича жиноий иш қўзғалган.

Тадбиркор 2010-йили «Мегаком» уяли компаниясини бошқаришга рухсат олиш учун мухолифатчига миллион доллар пора берганини билдирган.

Текебаев қўлга олингандан кейин миллий хавфсизлик бўйича давлат комитетига етказилган, шу куни бу ердан депутатнинг тарафдорлари уни бўшатишни талаб қилиб митинг бошлашган.

Норозилик намойишларига қарамасдан суд Текебаевни 25-апрелгача қамоқда қолдирган.

Муаллиф: Метин Жумагулов

Сурат: «Турмуш»