Қирғизистон муфтийи бўлиб Максат Токтомушев қайта сайланди

632

Максат Токтомушев иккинчи марта Қирғизистон муфтийи бўлиб сайланди. У бу хизматга ягона номзод бўлиб, қолган иккиси ўз номзодини сайловдан олдин олиб қўйган.

Қирғизистон мусулмонлар дин бошқармасининг матбуот хизматининг вакили Максат Атабаев Kloop.kgга билдиришича, Токтомушев учун мусулмонлар қурилтойининг барча 220 делегати овоз берди.

«Ҳозир унинг бу хизматга киришиши бўйича расмий маросим ўтмоқда, бу сафар муфтият раҳбари тўрт йиллик муддатга сайланди», — деди у.

Токтомушев Қирғизистоннинг муфтийлик лавозимига ягона номзод бўлди. Собиқ муфтий Чубак ҳожи Жалилов билан Ўш вилоятининг собиқ қозиси Ниязали Арипов ўз номзодлигини олиб ташлаган.

Максат Токтомушев Ўш вилоятининг Қора-Қўлжа қишлоғидан бўлади. Ҳозир у 43 ёшда. У савдогарлар оиласида туғилган ва олти фарзанднинг кенжаси. Скрябин номли қишлоқ хўжалик институтини тамомлаган, касби бўйича зооинженер.

1990-1997-йиллари ислом ҳуқуқи бўйича олимлардан ислом қонунлари тўғрисида билим ола бошлаган. 1998-2005-йиллари Покистонда «Мадраса Арабия» ўқув юртида «Ислом қонунлари» мутахассислиги бўйича билим олган. Беш йил масжидда имом бўлиб ишлаб, кейин Бишкек шаҳрининг қозиси бўлган.

Токтомушев 2014-йили Рахматулла ҳожи Эгембердиев можаро сабабли хизматдан кетганидан кейин муфтий вазифасини бажарувчи бўлган. У вақтда муфтий билан бtҳаё қизлар иштирокидаги видео ижтимоий тармоқларга тарқаган.

Шундан сўнг Токтомушев Қирғизистоннинг катта муфтийи бўлиб биринчи марта сайланган.

Муаллиф: Александра Титова

Сурат: «Азаттык»