Бишкекда насия олиш никоҳ тўй ўтказган оила катта моддий қийинчиликни бошидан ўтказмоқда. Кредит тўлаш эр-хотин ўртасига совуқлик тушираётганини қариндошлари билдиришди.
Мақолани асл нусхаси «Азаттык» радиосининг сайтига чиққан.Муаллиф: Нуржан Токтоназарова.
35 ёшдаги Алтинбек бир ярим йил аввал никоҳ тўйи учун банкларнинг биридан 30 фоиз устама билан 200 минг сом олган. Бу унинг иккинчи никоҳи. У гаровга онаси яшаган уйни қўйган. Шундан бери ҳар ойда 15 минг сомдан тўлайди. Аввалига аёли икки ҳам ишлаб, маошларини насияга беришган. Ярим йилдан бери аёли боласи билан уйда, ўзи ҳам ишсиз ўтирибди:
- Юзга етмаган одамни, қариндошларни, дўстларни, келин томонни чақириб тўй берганман. Ундан тушган маблағ ҳаражатнинг бир қисмини қоплайди деб ўйлаганман. Ҳозир иккимиз ҳам ишламай, ҳаммадан пул олиб қарзга ботиб кетдик.
Кредит тўлаш масаласи эр-хотин орасида келишмовчиликларга сабаб бўлиб, уларнинг муаммосидан қариндошлари хам хабардор.
Ўз вақтида улар насияга қиммат машина ёллаб тўй ўтказишга қарши бўлишганини, бироқ ёшлар бунга рози бўлишмаганидан Алтинбекнинг қайнопаси Кайиргул норози:
- Ҳозир ҳар ойда 15 минг сом насия тўлашади. Вақтида уни бир-икки соатга лимузинга тушиш учун сарфлашган. Ўшанда "шунча даб-дабани нима кераги бор, иккилангиз ҳам ёш эмассизлар" десам, куёв бола кўнмаган. Энди гўдаги билан арзон уйларга кўчиб юришади. Одам кейин нима бўлишини ўйлаши керак. Отаси, уй-жойи йўқ бўлса... Ундан кўра ўша пулни фойдали нарсага сарфламайдими...
Бу қирғиз жамиятидаги қарзга тўй ўтказган бир ҳолат. Банклар ва кичик кредит ташкилотлар насияни ўта қиммат устама билан берганига қарамай, йилига қарз олганларнинг сони статистика бўйича ярим миллиондан ошади.
Ўша лвақтда никоҳ тўйни кичик даврада нишонлаб, бошқалар совураётган пулни тирикчиликка сарфлашни режалаштирганлар ҳам йўқ эмас. Улар асосан чет элда ўқиб ёки ишлаб, бошқа ўлкаларнинг тажрибасини кўриб келганлар.
Уларнинг бири, журналист Жакшилик Матанов оиласи билан маслаҳатлашиб, қариндошларини уйига чақириб, тўйга кетган пулга турмушига керакли буюмларни олдирган. Алтинбекка нисбатан ҳозир унинг ҳаёти яхши:
- Ўзимни танишларим, дўстларим орасида кредит олиб уйланиб, кейин қийналиб ажрашиб кетганлар кўп бўлди. Қўлида бор, бой бўлса ҳеч нарса эмас. Бироқ "казга теңелип карганын буту сыныптыр" дегандай, ҳеч нарсаси йўқ тўй қилиб, бошқаларга тенглашаман деб бўлмайди. Уйланишимдан олдин мени ота-онам ҳам "биз ҳам тўй қилайлик, бошқаларга тўёна берганмиз, уларни йиғайлик" дейишди. Қирғизда тўйга пул берганман, энди уни қайтариб йиғиб олай деган тушунча бор. Шу нарса ёшларни ҳам, катталарни ҳам бузади. Мен онамга "тўйга деган пулни бизга беришсин ёки бирор нима олиб беришсин" деб тушунтириб айтдим. Шундай қилиб улар бизнинг сўзимизга рози бўлишди. Қариндошлар йиғиб берган пулни тўплаб, аёлим билан кичик бизнес бошлаганмиз. Келажакда бир хонали уйимизни кенгайтириш ниятимиз бор.
Фоизи юқори насиялар қарз олганларнинг соғлигига, тақдирига ҳам зиён қилиб, натижада ажрашганлар, юрак хасталигига дуч келганлар, судланганлар ҳам учрайди. Шунингдек, ўз жонига қасд қилганлар ҳам йўқ эмас.
Иқтисод, молия ва банк ишлари бўйича мутахассис Талант Керимбаев буни ахолининг маблағ бўйича саводининг ночорлиги, пулни, олган насияни тўғри сарфлаш маданиятининг йўқлиги билан тушунтиради:
- Эл олган пулини тўй-маросимларга сарфламай, қарзга бермай, тўғри сарфласа, бундай ҳолат юзага келмай эди.
Жамиятда банклар ва бошқа молия компаниялари саводсизликдан фойдаланиб, аҳолига қиммат кредитларни бериб, қарздор қилиб қўйди деган танқидлар ҳам кўп. Бироқ Талант Керимбаев молия маҳкамалари насия устамасини арзонлатгани билан элнинг саводи чиқмай, ҳолат ўзгармайди деган ўйда:
- Кредит фоизини энг арзон қилиб қўйса ҳам, уни олишади. Банкларнинг жавобгарлигини текшириш билан бирга пулни тўғри сарфлаш, тежаш бўйича аҳолига тушунтириш ишларини давлат миқёсида қўлга олиш керак. Ҳозир жойларда мана шундай ҳаракатлар бошланиб, биз тушунтириш ишларини бошладик. Бироқ бутун ўлка бўйича олиб борилмаяпти.
Статистикага таянсак, ўлкада насия олганларнинг 70 фоиздан кўпини аёллар, 60 фоиздан ортиғини ёш оилалар ташкил қилади. Бу вақтгача қирғизистонликлар тўй-маросимларга ҳар йили 2 миллиард доллардан ортиқ пул сарфлашини текширувлар кўрсатган. Бироқ йилдан-йилга тўй-марсимларда исрофгарчиликлар кўпайгани сезилмоқда. Ортиқча исрофгарчиликларни тўхтатиш ташаббуси ўтган йили парламентда, унгача ҳукуматда кўтарилгани билан натижа бўлмаган.