МХДҚ: Петербург метросидаги террор ҳужум бўйича гумон қилинган шахс Қирғизистонда туғилган

562

Миллий хавфсизлик бўйича давлат комитети Санкт-Петербург метросидаги террор ҳужум бўйича Қирғизистонда туғилган киши гумондор қатори қаралаётганини билдирди.

МХДҚнинг матбуот котиби Рахат Сулаймановнинг сўзларига кўра, Россиянинг махсус хизматлари террорчилик бўйича гумондор Қирғизистондан борганини аниқлашган.

«Биз буни аниқлаштиряпмиз. Бундан кейинги текширувни Россиянинг тергов органлари олиб боради, сабаби у Россия фуқароси», — деди Сулайманов Kloop.kg билан бўлган суҳбатда.

Гумондор Қирғизистонда туғилган бўлиши мумкин эканлиги аввал Санкт-Петербургдаги «Пятый канал» билдириб, унинг фотосуратини эълон қилишган.

Телеканал маълумоти бўйича террористик ҳужум бўйича гумондорнинг номи Акбаржон Акрамжанович, у 1995-йили туғилган.

Метронинг «Сенная площадь» ва «Технологический институт-2» станцияларининг орасидаги портлаш 3-апрелда маҳаллий вақт бўйича тахминан 14:20да (Бишкек вақти бўйича 17:20да) бўлган.

Портлашнинг кучи тротил эквивалентида тахминан 500 граммни ташкил қилган. Дастлабки маълумотларга кўра, бомба ўтиргич остига қўйилган.

Сўнги маълумотларга кўра, 11 киши қурбон бўлган, 40дан ортиқ киши турли тан жароҳатларини олишган.

Иккинчи бомба «Площадь восстания» станциясидан топилган. Қурилма ўт ўчирувчи воситага ўхшатиб ясалган, унинг қуввати тротил эквивалентида 1 килограммни ташкил қилган.

Петербургнинг тергов комитети «Террор ҳужум» ва «Портловчи моддаларни ва портлатувчи воситаларни тайёрлаш» моддалари бўйича иш қўзғади, тергов давом этмоқда.