Қор кўчкиси Ўш вилоятининг Жаш-Тилек қишлоғида икки уйни, Кожокелен қишлоғида эса бир уйни босиб қолди. Икки бола ва бир аёл ҳалок бўлди. Бишкек-Ўш йўли қор кўчкиси сабабли 36 соатга ёпилган.
Якшанба куни 19 февралда эрталабки сота 5:30да қор кўчки Чон-Олай районидаги Жаш-Тилек қишлоғидаги икки уйни бутунлай босиб қолган.
Бир уйдан олти кишини қутқариб чиқишга имкон бўлиб, бироқ иккинчисидан олти кишидан тўрт нафаринигина қутқариб қолишган. Кўчки остида икки бола қолиб кетган.
«Болаларнинг жасадларини маҳаллий яшовчилар олиб чиқишди, қутқарувчилар воқеа бўлган жойга етмаган», — деб билдирди Фавқулотда ҳолатлар министрлигининг матбуот хизматидагилар.
Соат 11да 3-синфда ўқиган боланинг жасади топилган бўлса, 11:40да қор остидан 4-синфда ўқиган қизнинг жасадини топишган.
Воқеа бўлган жойга 30 одамдан иборат қутқарувчилар гуруҳи борган. Улар жабрланганларни район касалхонасига олиб боришган. Қор кўчкидан жабрланган оилаларга вақтинча турар-жой ва гуманитар ёрдам берилган.
Соғлиқни сақлаш министри Талантбек Батиралиевнинг хабарига кўра, қутқарилган ўн яшовчи ҳудудий касалхонага ётқизилган.
«Жиддий жароҳатлар йўқ, бир оз қалтислаб олганлар бор. Бироқ улар қўрқиб қолишган», — деди министр.
Қутқарилганларнинг аҳволи қаноатлантирарли, иккисиники — ўртача.
Қор кўчки, шунингдек, Ўш вилоятининг Қорасув районидаги Кожокелен қишлоғидаги бир уйни босиб қолиб, бир аёл қурбон бўлган.
Қорнинг кўп ёғиши сабабли ўлка бўйича бир нечта кўчки содир бўлиб, Бишкек-Ўш автойўлининг 255 километрида машиналарнинг ҳаракатини тўхтатишга тўғри келган.
ФҲМ трассада бир йўл ҳалокати бўлганини билдирди. Йўл ҳалокатида жабрланганлар тўғрисида ҳозирча ҳеч қандай маълумот берилмаган.
Транспорт министрлиги Бишкек-Ўш йўлини 36 соатга вақтинча ёпиб туриш бўйича билдирув тарқатди.
Машиналарнинг ҳаракатига вақтинча чекловлар Сосвновка қишлоғидан (Чуй вилояти) тартиб, Арал постига (Тоқтоғул райони, Жалолободгача) қўйилган. Йўлнинг бу қисмларида озиқ-овқат ва иситиш пунктлари очилган.
ФҲМнинг билдиришича, бундай об-ҳаво ўлканинг кўпчилик ҳудудларида бўлган.
Муаллифлар: Элмира Муратова, Айдай Эркебаева