Ўқувчи қизлар синфдошини калтаклаб, бу ҳақда шикоят қилмасликни илтимос қилишган

623

Чуй вилоятининг Оқ-сув қишлоғидаги 6-синфнинг ўқувчи қизлари ўқитувчи йўқ вақтда синфдош қизни калтаклашган. Улар калтакланган қизни бу ҳақда айтма деб илтимос қилиб, буни "Фазодан салом" ўйинининг қоидаси» билан изоҳлашган. Таълим  министрлиги воқеани текширмоқда.

Жабрланган қизнинг катта онаси бешинчи ва олтинчи синф ўқувчиси қизлари «Фазодан салом» ўйинини ўйнашларини, бу ўйиннинг маъноси —  синфдошларидан калтак еб, бунинг учун ота-онаси ёки ўқитувчиларига арзланишдан бош тортиб, чидаш кераклигини айтиб берди.

Унинг сўзларига кўра, набирасини икки синфдош қизи дарс вақтида ўқитувчи директорга чиқиб кетганда қўлидан ушлаб олиб калтаклашган.

«У партада ўтиргани учун ўзини ҳимоя қила олмаган. Охирида кимдир уни бошига қаттиқ урган. Набирам уйга йиғлаб келди», — деди бувиси.

У набирасининг бошида шиш пайдо бўлиб, мияси чайқалгани сабабли кейинчалик касалхонага ётқизилганини айтди.

«У ўйиннинг қоидаси бўйича ўқувчи қизлар бир-бирини калтакласа бўлар экан, ҳеч ким арзланмаслиги керак экан, шунчаки ҳеч нима демай уйга кетишар экан. […] Агар калтак еган ўқувчи ўқитувчиларга ва ота-онасига ҳеч нарса айтмаса ғолиб бўлар эмиш», — деб тушунтирди бувиси.

Таълим  министрлиги комиссия тузиб, 6-синфда ўқиган қиз калтакланаётганда нима учун ўқитувчи синфда бўлмаганини аниқлаб чиқмоқчи.

Шунингдек, Ички ишлар министрлиги билан бирга ишчи гуруҳ тузилиб, у мактаблардаги зўравонлик ва тошбағирликнинг олдини олиш бўйича буйруқ чиқармоқчи.

Муаллиф: Нуржамал Жанибекова

Сурат иллюстратив тарзда, flickr, Charlie Essers