Депутатлар «Ўлим гуруҳлари» сабабли мактабларда смартфондан фойдаланишни таъқиқлашни таклиф қилишди

566

Қирғизистон парламентининг депутатлари ўқувчиларга мактабга чўнтак телефонларини олиб келишни таъқиқлашни таклиф қилишди. Улар буни ўз жонига қасд қилишни олдини олиш ва «ўлим гуруҳлари»нинг масаласини ҳал қилиш зарурлиги билан тушунтиришди.

Парламентдагилар мактабларда қўл телефонларини таъқиқлаш ўсмирларни ўз жонига қасд қилишга ундамоқда деб тахмин қилинаётган «ўлим гуруҳлари»нинг масаласини ҳал қилишга ёрдам беради деб ҳисоблашади.

Таъқиқлаш тўғрисида «Онугуу-Прогресс» партиясининг депутати Алтинбек Жунус ўғли таклиф киритди. Унинг сўзларига кўра, яқинда ўз жонига қасд қилганларнинг сабаби ўсмирларнинг «ижтимоий тармоқларда ўтиргани».

«Ижтимоий тармоқларнинг зарарли таъсири билан болаларгина эмас, бутун жамият курашиши керак», — деди Жунус ўғли.

Уни «Кыргызстан» партиясидаги ҳамкори Азизбек Турсунбаев қўллади. У болаларнинг «руҳияти заиф, янги шаклланаётган» деб, шу сабабли ота-онасига суйиқасд бўлади деган қўрқув уларнинг ўзини ўлдиришга туртки бўлаётганини айтди.

«Бизнинг вазифамиз — уларни хавфсиз ҳаёт билан таъминлаш. Бироқ мен биздаги ижтимоий тармоқларда "Тихий дом" ("Тинч уй"), "Синий кит" ("Кўк кит") ўйинлари пайдо бўлганини айтгим келади. Ўсмирларни агар ўз жонига қасд қилмаса, ота-онасини ўлдиришларини айтиб қўрқитишар экан», — деди у.

Гештальт-терапевт Галина Фильева Kloop.kg билан бўлган суҳбатида ўз жонига қасд қилишнинг сабаблари «ўлим гуруҳлари»да эмас, оилавий масалаларда эканлигини айтди. Унинг фикрича, ўсмирларнинг барчаси маълум бир вақтда ўлим тўғрисида ўйлашади, бироқ бу уларнинг барчаси ўз жонига қасд қилади деган гап эмас.

«Бу балки уларда машаққатни енгиш учун ресурс етишли бўлмаётганини кўрсатиши мумкин. Ўша вақтда уларга ақл ўргатиб, насиҳат қилиш эмас, дўст бўлиш керак», — деди у.

«Ўлим гуруҳлари»

Ўсмирлар орасида ўз жонига қасд қилиш мавзуси интернетнинг қирғиз сегментида «Спутник» нашридаги мақоладан кейин бошланган, унинг муаллифлари ўз жонига қасд қилишга туртки бўлган ўйин «Қирғизистонга етди» деб ёзишган.

Бироқ милиция Қирғизистонда интернетдаги материал сабабли бирорта ҳам ўз жонига қасд қилган ҳолатлар бўлмаганини билдирган.

Шунга қарамай, ИИМ интернетда «ўсмирларнинг ўз жонига қасд қилишга ундаган ўйинларнинг тарқалишини» назорат қилишга ваъда берди, бироқ бу иш қандай амалга оширилиши номаълум.

Биринчи марта «ўлим гуруҳлари»нинг мавзуси Россиянинг «Новая газета» нашрининг мақоласида тасвирланган

Мақолага кўра, бу «ўйиннинг» маъноси бўйича бундай гуруҳларнинг маъмуриятлари мактаб ўқувчиларини ўйинга чақириб, айим бир хэштеглардан фойдаланиш билан ижтимоий тармоқларда кўк китнинг расмини қўйишни таклиф қилишади. Кейин улар мактаб ўқувчиларини турли топшириқларни бажаришга кўндириб, охирида ўз жонига қасд қилишгача олиб борган топшириқларни беришади.

«Новая газета»нинг материали журналистлар жамоаси томонидан танқид қилинган. Ҳамкасблар мақолада ўз жонига қасд қилиш билан «ўлим гуруҳлари»нинг орасидаги сабаб ва натижаларга боғлиқлигини исботламаган деб ҳисоблашган.

Муаллиф: Метин Джумагулов