Транспорт министрлиги: Давлатлар аро авиация комитетининг мутахассислари Қирғизистонга келишди

740

«Боинг-747» қулаши сабабларини аниқлаш учун халқаро мутахассислар Қирғизистонга келишди.

Транспорт министрлиги маълумотига кўра, комиссиянинг таркиби 6 кишидан иборат.

Улардан ташқари текширув ишларига америкалик Транспорт хавфсизлиги бўйича миллий кенгашнинг (NTSB) мутахассислар гуруҳи ва Туркиянинг фожиаларни текшириш бўйича миллий кенгашининг (Turkish Accident Investigation Board) мутахассислари қўшилишди.

Барча маҳкамаларнинг ишини Қирғизистоннинг фуқаровий авиация агентлиги координациялаб турмоқчи.

«Боинг-747» самолёти 16-январда соат 7:20да «Манас» аэропортининг яқинида ҳалокатга учраган. У яқин ерда жойлашган Дача-Сув қишлоғига қулаган.

Самолётнинг ҳалокатга учраши 38 одамнинг ўлимига сабаб бўлиб, яна 13 одам касалхонада даволанмоқда.

Деярли 1 гектар ерга сочилган самолёт қолдиқларидан 23 турар-жой жабрланган.

Вице-премьер-министр Мухаммедкалий Абулгазиев қурбон бўлганларнинг оиласига Қирғизистон ҳукумати 70 минг сомдан, президент Алмазбек Атамбаев эса 100 минг сомдан беришини билдирди.

Самолёт эгаси MyCargo Airlines компанияси ҳам қурбон бўлганларнинг ва жабрланганларнинг оилаларига компенсация тўлаб бермоқчи.

Муаллиф: Нуржамал Жанибекова