1-синф ўқувчиси Жакшилик бутун оиласидан айрилганини ҳали билмайди

834

16 январь куни тонгда етти ёшдаги Жакшилик Шералиев кўзини очганда уйининг вайрон бўлганини кўрган. Шералиевларнинг оиласидан Жакшиликгина тирик қолган: унинг 26 ёшдаги ота-онаси, икки синглиси Сокулук районидаги Дача-Сув қишлоғида самолёт қулаши сабабли ҳалок бўлишди.

Мақоланинг асл нусхаси «Азаттык» радиосининг сайтида эълон қилинган.

Жакшиликни биз Сокулукдаги касалхонадан топдик. Уни эрталабки соат ўнда касалхонага "Тез ёрдам" билан олиб келишган экан. Нест ҳолатидаги боланинг ўнг юзи тилиниб, боши чайқалган. Жакшиликнинг аҳволи қаноатлантирарли эканига қарамай, навбатчи шифокор Кутман Кумарбековнинг сўзларига кўра, руҳий ёрдамга мухтож. Бироқ Сокулукдаги касалхонада ҳозирча болалар руҳшуноси йўқ, невропатологлар бор холос.

Шунга қарамай Жакшилик жилмайишга ҳаракат қилиб, яхши кўрган эртак ва мультфильмлари тўғрисида айтиб бериб ўтирди. “Мен келажакда ҳарбий бўлмоқчиман. Сабаби улар ўз ватанини ҳимоя қилишади”, - деб саволларга жавоб бериб ўтирди бола. Шу вақтда бир зумда бола катта бўлиб, барчасига фаҳми етиб қолгандай туюлди.

Жакшилик бўлган воқеани эслашдан қўрқмади. У қулаб тушган самолёт “саккиз кўчани йўқ қилганини” айтиб берди:

- Самолёт портлаб кетди. Кейин барча уйларни вайрон қилди, одамлар ўлди, улар вайроналар остида қолишди. Дастлаб милиция, кейин "Тез ёрдам" келиб, ўлган одамларни олиб кетишди. Милиция уларга қараб турди. Бизнинг сарой ҳеч нима бўлмади, бироқ қўшнининг томини бузиб кетди. Мен уларнинг олдига бордим, улар менга кийим беришиб,  "Тез ёрдам"га чиқаришди. Шундай қилиб бу ерга келдим. Онам томонни қарамай уйдан қочиб чиқдим.

«Агар улар бобомни уйида тунашганда, барчаси омон қоларди»

Эркин Баетова Жакшилик билан бир палатада ётибди. У бошқа қишлоқдан. Бола унга кеча оиласи билан бобосининг уйида бўлишганини, "шу ерда тунаб қолинглар" деган илтимосига қарамай, яқинда битган уйига қайтиб келишганини айтиб берган экан:

- Бола отасидан ўша ерда қолишни илтимос қилганини айтиб берди. Отасининг исми Уларбек экан. У “уйга кетамиз” деб қўймаган. Ота-онаси икки қизини шифокорларга кўрсатгани олиб келишган. Бештаси ҳам эшитмайди.  Жакшилик эрталаб турса, пойдевордан бошқа ҳеч нарса қолмаган экан. У менга “опа, кўзимни очсам деворнинг ёнида ётган эканман, бошқа ҳеч нарса эсимда йўқ, совқотиб қолибман. Кейин қўшнининг уйига боришга қарор қилдим”, - деди.

Жакшилик бу вақтгача қўшнини итидан қўрқишини, бироқ бу сафар қўрқмасдан кириб борганини айтиб берди. Улар Жакшиликка кийим беришади, сабаби бола ички кийимда келган экан. Боланинг айтганларини эшитиб, раҳмим келди.

Жакшиликни касалхонага олиб келишганда шифокорлар довдираб қолишди. Эркин Баетованинг сўзларига кўра, ёнида ҳеч кимиси йўқ болага бу ердагиларнинг барчаси уюшиб, қўлидан келган ёрдамини беришди. Шифокорлар боланинг яқинларини суриштиришди, эшитган экан касалхонага энтикиб бувиси етиб келди.

"Аёл набирасини кўрганда қон босими кўтарилиб, анчагача ўзига келолмай, ҳуши кетиб ўтирди", деб айтди боланинг ёнида ётган аёл.

Қон босими кўтарилган аёлни олиб кетишгандан сўнг Жакшиликни қарагани яқин қариндоши Бактигул Эгембердиева келди. Жакшилик уйидаги болаларнинг ичида каттаси, ундан кейин икки синглиси бор, ўртанчаси беш ёшда, кенжаси бир ёшга тўлган эди. Эртага унинг ота-онаси билан сингилларини дафн қилишади, уларни борса келмасга кетганини болага ҳеч ким айтишга ботинолмайди:

- Бола ҳозирча ота-онасини ҳалок бўлганини билмади. Бироқ у менга "опа, дадамларни кутманг" деди. Юрак сезар экан. Билмадим тушида кўрганми ёки аён бўлганми, билмадим. Эслаганда бувисини сўрайди, у келаман деб кетган экан. Бувиси эса уйда, халок бўлганларни жасадини олиб кетишган, ана шу жасадларнинг бошида. Иложи йўқ, ўтирибмиз шундай қилиб. Мени уйга олиб кетинг дейди. Бечорам, етимликни билдирмаслик учун имкони борича ҳаракат қиламиз, ота-оани ким тирилтириб беради, уларнинг ўрни бошқа-ку.

"Манас" ҳаво майдони яқинида Boeing 747-400 юк ташувчи самолётнинг қулаши сабабли 35дан ортиқ киши қурбон бўлди. Уларнинг энг кичиги тўрт ойлик гўдак.