Америкалик спортчи аёллар олимпиада термасининг шифокорини жинсий зўравонлик бўйича айблашмоқда

696

Америкалик спортчи аёллар олимпиада термасининг шифокори Ларри Нассарнинг устидан ариза ёзиб, судга мурожаат қилишган. Нассар вояга етмаган қизларга нисбатан жинсий зўравонлик ва турли тарғиботлар бўйича айбланмоқда.

18 қизнинг аризаси Мичиган штатининг федерал судига топширилган. Уларнинг номлари очиқ айтилмаган, бироқ орасида АҚШ олимпиада терма жамоасининг гимнастика бўйича вакиллари ва Мичиган штатидаги университетнинг спортчи аёллари бор.

Маълумотга кўра, Нассар 20 йилдан бери спортчи аёлларга зўравонлик қилиб келган.

Можароли ишни халқ олдига чиқиб, қўрқмай айтган ягона спортчи Рэйчел Денхолландер бўлган. У 15 ёшлигида Нассарнинг жинсий зўравонлигига учраганини билдирган.

Эҳтимол жиноят бўлган вақтда қизларнинг кўпчилиги вояга етмаган бўлган. Нассар айбдор деб топилса, у умрбод озодликдан маҳрум қилинади. Бироқ шифокор буларнинг барчасини инкор қилмоқда.

Indianapolis Star газетасининг августда чиққан сонида ёш гимнастикачиларга нисбатан жинсий зўраовонлик кўрсатилгани бўйича журналистик текширув чоп этилган. Айбланганлар орасида Нассар ҳам бўлган.

Бу ишдан кейин сентябрда у Мичиган университетидан ҳайдалиб, декабрда болаларнинг порнографиясини тарқатди деган айб билан қамоққа олинган.

Бундан ташқари Мичиган штатининг полициясига Нассарнинг устидан жинсий зўравонлик бўйича 50ка яқин ариза тушган.

Муаллиф: Каминат Имирханова

Сурат: Gymnastic News Network/The Tab