Бишкекликлар "Слоники" паркидаги қурлишга қарши, ширкат уни бузмасликка ваъда бермоқда

634

 «Слоники» болалар боғининг ёнида яшаганлар майдончани бузиб ўрнига бино қуришга қарши митингга чиқишди. Улар парк тадбиркорлик марказига алмаштирилади деб ҳисоблашади. Қурувчи «Слоники»ни бузмасликка ваъда бермоқда.

Айний ва Токтоналиев кўчаларининг кесилишида яшаган бишкекликлар 5-январда «Слоники» болалар боғининг ўрнига бино қуришга қарши митингга чиқишди. Улар TS-Group компанияси майдончани бузиб, унинг ўрнига тадбиркорлик марказини қуришмоқда деб ҳисоблашади.

Галина Скатневская норозилик намойишига биринчи келиб, парк бузилиши мумкинлигини биринчилардан бўлиб айта бошлади. У қурувчилар маҳаллий яшовчилардан қурилишга рухсат олишмаганини, улар тўплаган имзолар хонадон эгаларидан эмас, ижарачилардан эканлигини айтди.

«Биз бу паркни яхши кўрамиз. Кўп вақтларда стол олиб келиб, болаларга байрам уюштириб берамиз. Ярмарка ўтказамиз, “батут” қўямиз, болалар ўйнаб, биз нафақахўрлар эса сайр қиламиз. Бизга ҳокимият билан маҳаллий депутатлар ҳам ёрдам беришган, бироқ мана бу пулдорлар пайдо бўлиб, ҳаммасини бузиб ташлашди», — деди у.

Ҳозир қурилишнинг биринчи босқичида дарахтлар кесилмоқда. Маҳаллий яшовчи Таалай Назаралиев дарахтлар байрам олдидан декабрнинг 25идан 28игача кесила бошлаганини айтди.

«Биз аччиқландик, улар эса кесишда давом этишди. Бу ердаги майдончада 7 тўнка бор. Майдонда эса 40га яқин дарахт бор», — деди у.

80 ёшдаги қария Толука Жилайканова дарахтларни ўз қўли билан экканини, улар кесилишига кўзи қиймаслигини айтди.

«Совуқ эди, мен эса уларга қичқирдим: “Ҳудо ҳаққи, нима қиляпсизлар!” деб. Улар эса мени подъездга олиб боришяпти: “Онахон, иссиқ ерда ўтиринглар” деб. Қандай қилиб ўтираман? Мен бу дарахтларни ўзим экканман, умр бўйи шу ерда яшадим, фарзандларим шу ерда катта бўлди. Бундай қилиш яхшимас», — деди у.

Митинг бир соатга яқин давом этди, бироқ Бишкек мэриясининг ёки TS-Group қурилиш компаниясидан унинг иштирокчиларига ҳеч ким чиқмади.

30га яқин маҳаллий яшовчи болалар майдончаси ўрнига бошқа нарса қуришни тўхтатиш талабини имзолади. Улар мэрия билан бош прокуратурага мурожаат қилиб, «Слоники» боғини бузмасликни талаб қилишди.

TS-Group: Тадбиркорлик маркази қурилмайди

TS-Group курулуш компаниясининг директори Мирлан Рискулов Kloop.kgга боғнинг ўрнига тадбиркорлик маркази қурилмаслигини, ернинг ўзи унга тегишли эмаслигини айтди.

Паркни қайта таъмирлаш режаси
Паркни қайта таъмирлаш режаси

Унинг сўзларига кўра, компания «Слоники» боғини қайта қуриб, тренажерлари мавжуд бўлган футбол майдони қуради. Компания директори яшовчиларнинг кўпчилиги бу режага рози бўлмайди дейди.

«Маҳаллий яшовчилар халал берганлиги сабабли бошлай олмаяпмиз. Қурилиш қонуний. Бизда айрим яшовчиларнинг имзолари бор, у ердаги яшовчиларнинг кўпчилиги «Слоники»ни қайта қурилишига ва футбол майдонининг қурилишига, болалар учун тренажерлар ўрнатилишига рози», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, футбол майдонини қуриш ва тренажерларни ўрнатиш Бишкек мэрияси томонидан тапширилган. Рискулов маҳаллий яшовчилар компания нима билан шуғулланишини билишмасликларини, шу сабабли аччиқланишаётганини айтди.

Болалар майдончаси бор «Слоники» боғи Бишкекда Айний ва Токтоналиев кўчаларининг кесилишида жойлашган.

Маҳаллий яшовчиларнинг сўзларига кўра, жониворларнинг фигуралари ўттиз йилдан бери туради, улар 1961-йили уйлар қурилаётганда бу фигуралар болалар учун ўрнатилган.

Деярли 20 йил қаровсиз қолган «Слоники» болалар боғи «Шаҳар ташаббусчилари» фондининг фаоллари томонидан 2015-йили қайта тикланган.

«Слоники» қайта таъмирлангандан сўнг. Сурат: «Шаҳар ташаббусчилари»

Жамғарма ходимларининг сўзларига кўра, «Слоники» деган номни улар қўймаган — бу ном маҳаллий халқ орасида азалдан оғизга сингиб қолган.

Муаллиф: Александра Титова