Президент Алмазбек Атамбаев уйларни суткалаб ёки соатга ижарага беришни таъқиқлаган қонунни имзолади. Хонадонларни ижарага бериш — даромаднинг бирдан-бир манбаси бўлган қирғизистонликлар бу тўғрисида нима деб ўйлашади?
Хонадонларни суткалаб ижарага беришни таъқиқлашни бузса уйларнинг эгалари 70 минг сомгача жаримага тортилиши мумкин. Жаримани милиция солади. Таъқиққа рамасдан хонадонни ижарага бериш маъмурий ҳуқуқ бузиш қатори қаралади.
Хонадонни ижарага бериш асосий даромад манбаи бўлган қирғизистонликлар янги қонун бўйича Kloop.kgга изоҳ беришди. Қаҳрамонларнинг исмлари ўзгартирилди.
«Биздан ҳеч ким сўрамади ҳам»
Наталья бу қонунни уйни ижарага бериш — бирдан-бир даромад манбаси бўлган одамларни ўйламасдан қабул қилинган деб ҳисоблайди.
«Ишга жойлаштирадиган ҳеч ким йўқ, шу сабабли рақобат кўп, жуда кўпчилик шундай ишлайди. Бизга бунинг ўрнига бошқа нарса бера олишадими? Биз оиламизни шундай боқамиз, асосан шундай ишда ишлаганлар — фарзандлари бор ёлғиз аёллар. Балки улар бундай иш билан шуғуллангиси келмас, бироқ бир нарса қилиб яшаш керакда. Албатта, буларнинг барчаси ёмон, биздан ҳеч ким сўрамади ҳам, қабул қилиб қўйишди, битди», — деди у.
Азамат бир неча йилдан бери хонадонини суткага ижарага беради ва янги қонун тўғрисида ҳеч нарса билмаган.
«Қабул қилиниб қолса ёмон бўлади. Бу тармоқда ишлаганлар учун бу бирдан-бир даромад манбаи, бизда осонгина қонуний иш топилмайди. Бу тадбиркорликка салбий таъсир қилади. Ёки бу қаерда бўлганига яраша бўладими? Масалан, мен доимо меҳмонларнинг паспортини кўраман, уларнинг ёши 18дан кам эмаслигига эътибор қиламан», — дейди у.
Нафақадаги Дилянинг бир нечта хонадони бор, у уйларни суткага ижарага беради. Коммунал тўловларни ҳисобга олган ҳолда ҳар бир уйнинг ҳисобидан ойига беш минг сомга яқин пул топади.
«Қандай қилиб пул топамиз? Жарима тўлагим келмайди, шунинг учун уйимни суткалаб ижарага беролмай қоламан шекилли. Пул топишнинг бошқа йўлларини қидирамиз. Мен бунга қаршиман, бизда Бишкекнинг ярми шу иш билан шуғулланади. Бу элнинг топаётган нонини тортиб олиш билан баробар. Масалан, мен тўрт хонадонни ижарага беришимга қарамай, қўшниларим бир марта ҳам норози бўлишмаган. Яхши одамлар ижарага олишади, иш сафари билан келганлари ҳам бор, кимдир бирор воқеага келади, уй шароитида яшагиси келган сайёҳлар ҳам бор», — деди у.
Айгерим аҳоли хонадонларни ижарага беришни таъқиқлаган билан бу иш давом этаверади деб ҳисоблайди.
«Аҳоли уйларини ижарага бераверса керак. Қарор қабул қилган билан, бундай текширув доим ҳам бўлавермайди. Бизда кўп нарса қоғозда бўлади. Бироқ ҳақиқатдан жарима солишса, уйларни ижарага бериш тўхтатилади», — дейди у.
Викторга қонун ёқади, сабаби у бундай ишдан чиққан.
«Мен кўпдан бери ижарага бермайман, аллақачон шундай қилсам бўларди. Бу тадбиркорликни кузатиб бўлмайди, уни назоратга олиш керак. Бу бир азоб эканлигини тушундим. Уйни туни билан булғашади, турли ишларни қилишади, қўшнилар ҳам арзланишади», — деб нолийди у.
Нургул бунга қарамай, уйини суткалаб ижарага беришни режалаштирмоқда
«Улар суткалаб беришни таъқиқладими, биз бошқа режага ўтишга мажбурмиз. Масалан, бир ойга ёки ярим йилга топширса бўлади. Улар таъқиқни яширин жойлар билан кураш қатори таклиф қилишди, бироқ биз яширин жойлар билан шуғулланмаймиз. Кўп ҳолларда Олмотадан одамлар келишади, у ерда тиббий хизмат қиммат, бизда даволанишади, Россиядан иш сафари билан келганлар тунаш учун уй олишади. Бу яхши иш эди. Ҳар ойда турлича даромад бўлади — айримларида 14 минг, баъзан эса 10 минг. Мойсиз бўлса ҳам нонга етарди», — деди Нургул.
Хонадонларни суткалаб ижарага беришни нима учун таъқиқлашди?
Уй эгаларига хонадонларини ижарага беришни таъқиқлаган «маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги» қонунга президент Алмазбек Атамбаев 31 декабрда имзо қўйди.
Қонун лойиҳасининг ташуббусчиси, КСДП фракциясининг депутати Кожобек Риспаевнинг сўзларига кўра, турар-жойни ижарага беришни йўлга солиш масаласи аллақачон заруратга айланган.
«Бундай жойлар яширин жойларга айланади, у ерда баъзан қотиллик ҳам бўлади. Бу масалани тез орада ҳал қилиш керак, сабаби иймонга қарши кўринишлар ҳам кучайиб кетди», — деди у.
Қонун 2016 йилнинг 16 ноябрида Бишкекдаги уйларнинг яшовчилари тез-тез арзлангандан кейин қабул қилинган. Қонунни бузган фуқароларга 7 минг сом, хизмат одамларига 9 минг сом, юридик шахсларга 70 минг сом жарима солинади.
Таъқиқ кўп қаватли уйлардаги хонадон эгаларигагина тегишли бўлади. Рухсати бор меҳмонхоналар аввалгидай ишлайверади. Уларга жарима солинмайди.
Муаллиф: Александра Титова
Сурат: Алмир Алмамбетов