Жогорку Кенешнинг вице-спикери Тайванга боргани учун хизматдан кетди

670

Нурлан Алимбеков Тайванга бориб келганлиги учун қирғиз парламентидаги вице-спикерлик хизматидан кетди. Алимбековнинг сафари спикер Чинибай Турсунбековнинг сўзларига кўра, Хитой билан бўлган дўстлик шартномасига қарши келмоқда.

Алимбеков вице-спикерликдан 28-декабрда кетди. Лавозимдан кетишига унинг Тайван оролига боргани сабаб бўлган. Мазкур оролни Хитой ўзиники деб билиб, унинг мустақиллигини тан олмай келади.

Алимбековнинг сўзларига кўра,у ўзининг шахсий ишлари билан борган. Бироқ унинг сафари тўғрисида Тайваннинг матбуот агентликлари хабар қилишган.

«Сафарга кетган ҳаражат қаралмаган ва бу бўйича комитетнинг қарори бўлмаган. Учрашувлар давомида ҳеч қандай расмий ҳужжатлар муҳокама қилинмаган. Шу сабабли Тайваннинг матбуот агентликлари учрашувлар бўйича маълумотни қандай мақсадда айтгани менга номаълум, сабаби учрашувлар расмий бўлмаган», — деди Алимбеков.

Тайван марказий матбуот агентлигининг хабар қилишича, маҳаллий сиёсатчилар билан парламент фаолиятини, демократияни ривожлантириш ва ҳамкорликнинг зарурлиги бўйича сўзлашган.

Парламент спикери Чинибай Турсунбеков Алимбековнинг сафари Тайванга нисбатан Қирғизистон ҳукуматининг позициясига ва дўстлигига зид келади деган.

Қирғизистон Хитой билан 2002-йилнинг июнида бирдамлик, дўстлик ва ҳамкорлик бўйича шартномани имзолашган. Унга кўра, Қирғизистон ҳукумати Тайваннинг Хитойдан мустақил бўлганини тан олмаслиги керак.

«Қирғизистон томон дунёда биргина Хитой бор эканлигини, Хитой Халқ Республикасининг ҳукумати бутун Хитойнинг ягона қонуний вакиллиги бўлиб ҳисобланишини, Тайван эса Хитойнинг ажралмас бир қисми эканлигини билади», — дейилади 2002-йилнинг июнидаги ҳужжатда.

Турсунбеков билдиришича, Алимбековнинг учрашуви Қирғизистон ҳукумати билан ҳам, Тайваннинг расмий вакиллари билан ҳам келишилган эмас.

«Шу сабабли биз тегишли хулоса чиқариб, бўлган воқеани ёқимсиз оқибатларини бартараф қилиш учун чора кўришимиз керак», — деган спикер.

Тайван (ёки Хитой Республикаси) — XIX аср бошида ўз мустақиллигини эълон қилган орол. Хитой эса оролнинг мустақиллигини тан олмай, ўзининг ҳудуди деб ҳисоблайди.

Хитой Қирғизистонга йирик миқдорда грант берган ва инвестиция киритган ўлкалардан бири. Йил бошидан бери Хитойдан Қирғизистонга киритилган сармоя  50 фоиздан ортиб, 120 миллион долларни ташкил қилган.

Муаллиф:Эльдияр Арикбаева