Болалар спортидаги педофилия: 2016-йилдаги шов-шувли тортишувлар

940

Спорт дунёси 2016-йили педофилияга боғлиқ икки катта жанжалга гувоҳ бўлди. Спорт федерациялари «хавфли мураббийлар» тўғрисида билиб, қолаверса ота-оналардан ҳам аризалар олган. Бироқ улар буни яширишган. Сабаби улар ўзлари шуғулланган спорт турининг обрўсини тўкишни исташмаган. 

Америкалик гимнастикачилар

Жорий йилнинг августида Риодаги Олимпиада ўйинлари олдидан Америкада можаро бўлган. Indianapolis Star газетасининг мухбирлари мақола чоп қилиб, унда улар ёш гимнастикачиларга нисбатан мураббийларнинг жинсий зўравонлик кўрсатгани бўйича фактларни келтиришган.

Бу мақола катта шов-шувга сабаб бўлиб, АҚШнинг гимнастика федерацияси бўйича савол яратган. Бироқ федерация раҳбари Стив Пенни маҳкама кўп йиллар давомида педофил мураббийларни яширгани бўйича айбловларни инкор қилган.

Сурат иллюстрация: «Гимнастикачилар» сериалидан кадр (Make It or Break It).
Сурат иллюстрация: «Гимнастикачилар» сериалидан кадр (Make It or Break It).

Қизлар гимнастикага 3-4 ёшида келади, Олимпиадага эса 16 ёшидан иштирок эта бошлашади. Гимнастикадаги мураббий ҳар бир оила учун боланинг медали ва муваффақияти учун «дўст ва умид» бўлиб ҳисобланади. Мураббийга эса федерациянинг обрўси муҳим бўлиб қолади.

Журналистларнинг сўзларига кўра, Америка гимнастика федерацияси кўп йиллар давомида жабрланган қизларнинг ва уларнинг ота-оналарининг аризаларига жавоб бермаган. Барча аризаларни ҳеч ким очиб қарамаган, алоҳида папкага солиб қўйилган. Папкадаги аризалар 2006-йили 54 кишига нисбатан ёзилганини кўрсатган. Шундан бери бундай аризаларнинг қанчаси ёзилгани номаълум.

«Прокуратурада ҳайрон қолишган. Улар бундай бўлади деб ўйлашмаган. Менинг қизим ҳозир 26да. У 10-11 ёшида шундай бўлган. Буни тўхтатиш учун федерация ҳам ҳеч қандай чора кўрмади», — деган жабрланганларнинг бирини онаси Жин Робинсон.

Аризалар жинсий зўравонлик, ўсмирларни йўлдан оздириш ва болаларнинг порнографиясини эълон қилиш бўйича ёзилган. Бироқ мураббийлар қизларга бунинг барчаси қизларнинг жисмоний қобилияти тўғрисида билиш учун ва машғулотларни сифатли уюштириш керак деб ишонтиришган.

Архивни кўриб чиққан журналистлар сўнги 20 йилдан бери ёш спортчи қизларга нисбатан қўлланилган 368 зўравонлик ҳолатларини топишган. Гимнастика федерацияси ўз спорт турининг имиджини сақлаш учун ҳукуматга ота-оналарнинг аризаларини бермаган. Қўлланилган чора кўпи билан мураббийнинг залини алмаштирган, бироқ у болалар билан ишлашни давом эттираверган.

Масалан 2010-йилнинг энг яхши мураббийси Марвин Шарп. Унинг устидан ёзилган аризалар 2011-йилдан кела бошлаган. Бироқ федерация уларга аҳамият бермаган. Шарп эса 2015-йили қамалгунга қадар мураббийлик ишини давом эттираверган.

Мураббий Марвин Шарп 2015-йили қамалгандан кейин у қамоқда ўз жонига қасд қилган. Сурат: Indianapolis Star
Мураббий Марвин Шарп 2015-йили қамалгандан кейин у қамоқда ўз жонига қасд қилган. Сурат: Indianapolis Star

Ёки Жеймс Белл. Унинг устидан аризалар 90-йиллардан бошлаб кела бошлаган, бироқ уни 2015-йили қамоққа олишган.

Бир нечта мураббий ўзининг қамоқ муддатини олган, бироқ бу билан барчаси тугамаган. Педофил мураббийларнинг қурбонлари ўзлари тўғрисида эълон қилиб, зўравонлик фактларини яширганларга нисбатан ҳам чора кўришга чақириб келишган.

Англиялик футболчилар

Ноябрнинг охирида англиялик футболчиларнинг диёрида катта жанжал чиққан. Барчаси «Крю Александра», «Бери» ва «Шэффилд Юнайтед»нинг собиқ ўйинчиси, 43 ёшдаги Энди Вудворднинг билдирувидан кейин бошланди.

BBC билан бўлган суҳбатида Вудворд «Крю Александра»да тарбияланиб, тўрт йил оралиғида ўзининг мураббийи Барри Беннел томонидан жинсий зўравонликка учраганини билдирган.

Мураббий Барри Беннел кўп йиллар давомида ёш футболчига зўравонлик қилиб, унинг туғишган синглисига уйланиб олган.
Мураббий Барри Беннел кўп йиллар давомида ёш футболчига зўравонлик қилиб, унинг туғишган синглисига уйланиб олган.

«Мен футбол ўйинчисиман, мураббий эса бир нечта машғулотни бирга ўтказишни таклиф қилди. Ҳаммаси қўл тегизишдан бошланиб, кейин мени зўрлади», — деган футболчи.

Бола 14 ёшдалигида педофил мураббийи унинг 16 ёшдаги опасига уйланиб олган. Вудворднинг сўзларига кўра, бу факт унинг руҳиятига таъсир қилган. У зўравонлик тўғрисида катталарга айтолмаган, сабаби Беннел унинг футболдаги карьерасини тўхтатиб қўяман деб таҳдид қилган.

У бир неча йил ўтгандан сўнг, Беннел қамалгандан кейингина бу ҳақда айта олган.

Беннел 90-йилларда «Крю Александрада» ишлаган вақтда ёш футболчиларнинг ота-оналари жинсий зўравонлик бўйича маълум қилишган. Бироқ у хизматдан четлатилмаган, бироқ унинг ўзини болалар билан ёлғиз қолдиришмаган. Кейинчалик педофил мураббий қамалган.

Вудворд бошидан ўтган воқеани айтиб бергандан бир неча кун ўтиб, «Крю Александра»нинг собиқ ўйинчиси, 44 ёшдаги Стив Уолтерс ҳам Беннелнинг жинсий зўравонлиги тўғрисида айтган.

Уолтерс The Guardian билан бўлган суҳбатида Вудворд каби мураббий томонидан қийноқларга учраганини айтган. Энг истиқболли ёш футболчиларнинг бири бўлиб туриб ўзининг карьерасини вайрон бўлишидан қўрқиб, мураббийнинг зўравонликлари тўғрисида айтолмаган.

Уолтерс 17 ёшида оғир касалликка чалинган. Шифокорларнинг сўзларига кўра, касаллик жинсий йўл орқали юққан бўлиши мумкин. Натижада у қуйи босқичда ўйнаб, дастлаб кучли руҳий жароҳат сабабли бир неча марта ўз жонига қасд қилган.

Бу каби билдирувлар кундан-кунга кўпайиб борган. Жанжал чиққандан кейин очилган махсус рақамларга ҳар куни юзлаган телефон қўнғироқлари бўлган.

Стив Уолтерс. Сурат: The Guardian.
Стив Уолтерс. Сурат: The Guardian.

Зўравонлик қилганлар орасида Беннел эмас, бошқаларнинг номи ҳам бор. Бу эса бундай кўринишларнинг йирик кўламидан хабар беради.

Англиянинг футбол ассоциацияси бу ишлар бўйича ўзи текширув ишларини бошлаганини айтди. Маълум бўлишича, болаларга нисбатан зўравонлик қилиш «Манчестер Сити», «Сток Сити», «Ньюкасл» ва бошқа инглиз клубларида содир бўлган.

The Telegraph билдиришича, клублар ўсмирларга нисбатан жинсий зўравонликлар тўғрисида билган, бироқ ёш футболчуларнинг оғзини ёпиш учун пул тўлашга қарор қилган. Ҳозирда ўсмирларга нисбатан зўравонлик бўйича текширув ишлари давом этмоқда ва у кундан-кунга янги фактлар билан тўлиқланмоқда.

Текширув биргина футболда эмас, спортнинг бошқа турларида ҳам олиб борилиши мумкин.

Муаллиф: Каминат Имирханова

Асосий сурат: Англия футбол ассоциацияси/TheFA.com